Жаҳон | 12:29 / 02.04.2016
2181
2 дақиқада ўқилади

Тоғли Қорабоғдаги можаро ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошланди

2 апрелга ўтар кечаси Тоғли Қорабоғда Озарбойжон-Арманистон низоси яна янгиланди. "Интерфакс" хабарига кўра, арманистонлик ҳарбийлар томонидан Озарбайжон вертолёти уриб туширилган ва шундан сўнг қарши томондан артиллерия орқали жавоб зарбалари йўлланган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Арцрун Ованнисяннинг фейсбукдаги ўз саҳифасида маълум қилишича, озарбайжонликлар ҳужумга ўтишган ва икки томон ўртасидаги низоларга сабаб бўладиган Тоғли Қорабоғ ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошланган.

У Озарбайжон томонидан Арманистондаги тинч аҳоли истиқомат қилувчи нуқталарга ҳамда ҳарбий қисмларга артиллерия зарбалари берилаётганини таъкидлаган.

Унинг айтишича, Арманистон армияси қарши ҳужумга ўтишга мажбур бўлган.

"Икки томонда ҳам қурбонлар бор. Озарбайжон томонининг талофатлари кўпроқ, улардаги ҳарбий техникаларга зарар етган ва бир вертолёт йўқ қилинган", дейди Ованнисян.

Қорабоғ можароси, аҳолисининг асосий қисми арманлардан ташкил топган Тоғли Қорабоғ 1988 йилда Озарбайжон таркибидан чиқишини эълон қилгач бошланган. Тоғли Қорабоғ аҳолисининг 99,89 фоизи Бокудан тўлиқ мустақил бўлишни ёқлаб чиққан референдумдан кейин, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланган. 1994 йил май ойида сулҳ тузиш ҳақидаги келишувлар кучга кирди. Ҳудудлар чегарасида доимий равишда беқарор вазият сақланиб келади.

Ўзбекистон Қорабоғни Озарбойжоннинг таркибида деб билади ва бу масала халқаро ҳуқуқ талаблари асосида ҳал қилиниши керак, деб келади.