Жаҳон | 11:53 / 05.04.2016
2084
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: ИШИД террорчилари Европага кимёвий ҳужум қилишни режалаштирмоқда

ИШИД террорчилик ташкилоти жангарилари Европага янги кимёвий ҳужум уюштириш мақсадида шундай қурол устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Марокаш терроризмга қарши кураш хизмати раҳбари Абдулҳақ Хиам The Sun нашрига берган интервьюсида баёнот берган.

Хиамнинг билдиришича, унинг хизмати ўтган йили Марокашда ташкилотнинг 25та митти гуруҳларини йўқ қилган. Бундан ташқари, шу йилнинг февраль ойида амалга оширилган махсус амалиётлар чоғида иприт гази қолдиғи қўлга киритилган. Кейинроқ аниқланишича, ушбу гуруҳ Марокашнинг тўртта шаҳрида кимёвий хуружни режалаштирган.

"ИШИД бу усулдан Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида ҳам фойдаланиши мумкинлиги айтилган. Ташкилот қошида худкуш болалар бўлинмаси борлиги ҳам айни пайтда сир эмас. Шундай экан, улардан Европадаги ҳужумларда фойдаланилса, ажабланмайман. Кимёвий қуролга келсак, террорчилар уни осонгина ясашларига гувоҳ бўлганмиз", — деб айтган Хиам суҳбат чоғида.

Унинг қайд этишича, Марокаш террорчилари ёнидан топилган ва иприт ишлаб чиқариш учун лозим бўлган моддаларни Европа дўконларида бемалол харид қилиш мумкин. Жангарилар эса бундан ғаразли ниятларида фойдаланмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди.

Бундан аввалроқ, Пентагон маъмурияти, Америка махсус хизматлари томонидан ИШИДнинг кимёвий қурол ишлаб чиқариш бўйича бош мутахассиси қўлга олинганини тасдиқлаган эди.