Samsung Galaxy S7 Edge 16 соат сувда қолиши мумкин
Жанубий Кореянинг Samsung компанияси Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge телефонларини сувга чидамли қилиб ишлаб чиқармоқда.
Булардан аввалги Samsung моделларида бу хусусият йўқ эди. Янги телефонлар эса, IP68 халқаро стандартига жавоб беради. Ушбу меъёрга кўра, электрон қурилма 1 метрдан чуқур сув ҳавзасига 30 дақиқадан кўпроқ вақтга туширилганда ҳам ишлашда давом этиши керак.
Unbox Therapy ресурси ходимлари ушбу мобил қурилмаларнинг имкониятини текшириб кўришга аҳд қилишди. Улар қайд этган натижа эса ҳайратланарли бўлди: Galaxy S7 Edge сув ичида 16 соат 36 дақиқагача ҳеч қандай узилишсиз ишлашда давом этган.
Қайд этиш жоизки, сув тубида босим ошиши, аслида смартфонни ишдан ҳам чиқариши мумкин.
Samsung компанияси ўз навбатида Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge телефонлари сув ичида 1,5 метр чуқурликда 30 дақиқа давомида ишлашига кафолат беради.