Спорт | 16:18 / 07.04.2016
3437
6 дақиқада ўқилади

«Лестер»нинг жасорати: Раньери хотирасида мавсумнинг биринчи кунларидан бугунгача

«Лестер» жамоаси бош мураббий Клаудио Раньери ўз колонкасида жамоадаги фаолияти борасидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Мен бу ерга илк марта келганимда жамоа президенти билан учрашган кунимни эслайман. У менга шундай деганди: «Клаудио, бу жамоа учун ўта муҳим мавсум. Биз турнирни тарк этмаслигимиз керак». Мен жавоб бергандим: «Окей, албатта. Биз машғулотлар ўтказамиз ва ўйинларда вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз».

Шундан сўнг, АПЛда қолишимизни таъминлайдиган 40 очко тўплашни олдимизга асосий мақсад қилиб олдик. Мен ўшанда 4 апрель куни газета варақлаб ўтириб, «Лестер» ҳисобида 69 очко бўлишинию, жамоа турнир жадвалида пешқадамлик қилаётганини кўришимни тасаввур эта олмасдим. Ўтган йили шу кунда «Лестер» турнир жадвалининг охирги ўрнида эди. Бунга ишониш қийин.

Бизнинг жамоамизда жуда кучсиз деб қаралган ва гранд жамоалар кўригидан ўта олмаган футболчилар йиғилганди: Нголо Канте, Жейми Варди, Дэнни Дринкуотер, Уэс Морган, Риёд Маҳрез. Қачонки, биринчи машғулотни ўтказар эканман, мен дарҳол уларнинг аслида қай даражадаги футболчилар эканини пайқадим.

Масалан, Кантени олайлик. У машғулотларда даҳшатли даражада кўп югурарди. Мен унга айтардим: «Эй, Нголо, энди секинроқ югурақолсанг бўларди». У шунда дерди: «Окей, мураббий».

Сиз нима деб ўйлайсиз? Мен ортга ўгирилишим билан у яна аввалги тезликда ҳаракатлана бошларди.

Ёки Жейми Варди. У шунчаки футболчи эмас. У бақувват отга ўхшайди. Мен унга айтардим: «Сен ҳужумда исталган ишни қилишинг мумкин, лекин сен ҳимояга ҳам ёрдам беришинг керак. Агар рақибга босим уюштиришни бошлаб берсанг, ўртоқларинг сенга эргашишади.

Биринчи ўйин арафасида мен болаларни йиғдим ва уларга айтдим: «Мен истайманки, сиз ўз жамоадошларингиз учун ўйинни ютишингиз керак. Биз кичиккина клубмиз, шунинг учун биз жон-дилимиз билан ўйнашимиз керак. Менга қаршимиздан ким чиқиши аҳамиятга эга эмас. Мен истайманки, сизлар қаршингиздан чиққаннинг барчасини енгишингизни ва ўзингизнинг улардан яхшироқ эканлигингизни исботлашингизни. Агар улар сиздан яхшироқ бўлса, уларни табриклаш керак. Лекин сиз рақибларингизни табриклашга мажбур бўлмаслигингиз, уларга яхшироқ эканлигингизни исботлашингиз керак.

«Лестер»да биринчи кунданоқ фантастик муҳит юзага келди. Бу жамоа президентидан тортиб барча ходимлар, футболчилар ва барча мухлисларга тегишли. Мухлислар фақат тўп биздалигида қўшиқ айтишади деб ўйлайсизми? Йўқ, йўқ. Биз босим остида қолаётганимизда мухлислар бизнинг аҳволимизни ҳис этишади ва бизни янада қаттиқроқ қўллаб-қувватлай бошлашади. Улар ўйинни зўр тушунишади. Улар биз билан ҳамиша қалбан бирга.

Биз мавсумни жуда яхши бошладик. Лекин яна бир қайтараман, аввалига мақсадимиз лигада жон сақлаб қолиш учун курашиш эди. Биз ғалабалар қилардик, аммо жуда кўп голлар ўтказиб юбораётган ҳам эдик. Мен ғалаба қозониш учун 2-3та гол уришимиз кераклиги қийнай бошлади. Шунда мен ҳар ўйин олдидан йигитлардан гол ўтказмасликни тайинлай бошладим. Лекин, ҳадеганда бунинг иложи бўлавермади. Шунда уларда қандай мотивация уйғотганимни биласиз-а?!

«Кристал Пэлас»га қарши ўйин аввалида мен уларга дедим: «Келинглар, болалар, биз бугун нолга ўйнаймиз. Агар сизлар дарвозамиз дахлсиз қолишини таъминласангизлар, мен сизларга пицца олиб бераман».

Ва биласизки, ўшанда биринчи марта гол ўтказмадик. Биру-нолга ютдик. Мен уларни ошхонага олиб бордим ва уларга яна шундай ўйин ўтказсак мен уларни яна шу ерга олиб келишга ваъда бердим. Бу улар учун ҳақиқий сюрприз эди. Шундан буён бизда кўп марта "қуруқ ўйинлар" бўлди ва ҳар сафар биз пицца учун ошхонага биргаликда бордик.

Яна 6та ўйин қолди. Биздан чин дилдан ўйнаш талаб қилинадиган 6та ўйин. Биз - катта дунёга руҳият ва қатъият билан катта натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатиб берган кичик жамоамиз. 26 ўйинчи. 26 турли онг. Лекин қалбан ягонамиз.

Бир неча йилгина олдин футболчиларим қуйи лигаларда ўйнашарди. Варди заводда ишларди. Канте – Франциянинг учинчи дивизионида. Маҳрез – ундан ҳам қуйида. Ҳозир эса бу футболчилар Англия чемпионлиги учун кураш олиб боришмоқда. Мен кўчаларда учратадиган мухлисларнинг барчаси бизнинг чемпион бўлишимизни орзу қилиб кутишаётгани ҳақида айтишади. Мен уларга дейман: «Орзу қилишга ҳаққингиз бор, бизнинг эса орзу қилишга ҳаққимиз йўқ. Биз ишлашимиз, бор кучимиз, ақлимиз ва қалбимизни қўшиб ишлашимиз керак».

Энди мавсум якунида кимнинг қайси ўринда бўлиши унчалик аҳамиятли эмас. Бизнинг тарихимиз бутун дунёдаги футбол мухлислари қалбига ўрнашиб бўлди. Бизнинг ишимиз бутун дунёдаги ёш футболчиларга умид бахш этишига аминман. Агар уларга етарли даражада кучли эмаслиги ҳақида айтишса, улар ўзларига-ўзлари дейиши мумкин: «Агар уддалаган бўлишса, нега биз уддалай олмаслигимиз керак?»

Ғалаба қозониш учун нима керак? Катта маблағлар ва шартномаларми? Йўқ. Катта номларми? Йўқ. Ақл билан, юрак қўри билан ишлаш, ҳаракат қилиш ва жасорат кўрсатиш керак. Ким билади, балки мавсум якунигача биз яна 2 марта ўша ошхонага пицца ейиш учун биргаликда борармиз», – дея ёзади Раньери The Players’ Tribune нашридаги колонкасида.