Жамият | 12:50 / 07.04.2016
4677
5 дақиқада ўқилади

Ота-она фарзандининг сўнгги дақиқаларини суратларда акс эттирди

Шу йилнинг январида сиднейлик сураткаш Жеймс Дэй Нэнси ва Чарли Маклиннинг тўй тантанасига таклиф қилинди. Маклин хоним ҳомиладорлигининг еттинчи ойи эди, суратлардан фарзандини интизорлик билан кутаётган жуфтликнинг муносабатлари нақадар нозиклигини сезиш қийин эмас.

Икки ойдан кейин яна шу жуфтликни суратга олишга келиши Жеймснинг хаёлига ҳам келмаганди. Фақат бу сафар ҳаммаси бошқача...

"Уларнинг никоҳ маросими барчаники каби кечмади. У кўпроқ театр томошасига ўхшарди, қирол саройидаги ҳақиқий бал! Сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ҳислар!" - деб ёзганди сураткаш ижтимоий тармоқдаги блогида.

"Нэнсининг қорнидаги бола ҳам худди содир бўлаётган воқеаларни англагандек фаол эди. Буларнинг барчасини кузатиш кишига завқ бағишларди".

Икки ой ўтиб, 23 март куни Жеймснинг телефонига қўнғироқ бўлди. Кейин нималар юз бергани у учун умуман кутилмаган ҳодиса бўлди.

"Чарли ва Нэнси қўнғироқ қилишди, мендан Рэндвикка - Қироллик аёллар шифохонасига кела олиш-олмаслигимни сўрашди. Янги туғилган чақалоқнинг аҳволи оғир бўлиб, улар фарзанди билан жудолашаётган эдилар", - дейди Жеймс.

"Мен дарҳол уларнинг ёнига етиб бордим, нималардир демоқчи бўлдим, аммо тезда суратга олиш кераклигини тушундим, чунки кўз олдимда ҳақиқий фожиа юз бераётганди. Бу ерда айтилаётган сўзларни такрорлашнинг иложи йўқ - у ҳиссиётларни ифодалашга тил ожиз!"

Жеймс Дэй кун бўйи Маклинлар хонадонида бўлди, уларнинг янги туғилган ўғли - Эдисон билан хайрлашув онларини суратларга муҳрлади. Ҳар бир кадрда вафот этаётган болакайга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат сезилиб туради.

Эдисон дастлаб ҳеч қандай қийинчиликларсиз дунёга келди, бироқ уч кундан сўнг унга некетотик гиперглицинемия - фермент тизими етишмаслиги билан боғлиқ наслий касаллик ташхисини қўйишди. Натижада болани сунъий нафас олиш аппаратига улашга тўғри келди. Бу ҳам ота-онаси хайрлашиб олишга улгуриши учун...

Шундай бўлса-да, бола ҳаммани ҳайратлантириб мустақил нафас ола бошлади! У Нэнси ва Чарлига яна икки кун туҳфа этди, шу икки кун ичида жуфтлик ўғли учун соҳилда "пикник" уюштирди ва болакай ўз ўрнида ётиши учун уйларига олиб боришди.

"Бизнинг фариштамиз туғилганидан 7 кун ўтиб, жума куни соат 10:25да бу дунёни тарк этди. Тўлиқ ҳафталик бўлишига унга 3 соатгина етмади", - дейди Чарли Маклин.

"Фарзандни йўқотишнинг ҳеч қандай ижобий томони йўқ, аммо Эдисон барчамизга ажойиб сабоқ берди. Яқинларингиз билан ўтаётган ҳар бир сониянинг қадрига етинг, уларни худди бу сўнгги лаҳзаларидек севинг. Маълум бир вақтни кутманг!"

"Эдисон бизга шифокорлар ташхисидан уч кун ортиқ вақт ҳадя этди. Бу вақт ичида биз у билан хайрлашиб олишга улгурдик, қўлимиздан қўймадик. Биз фариштамизни ҳеч қачон унутмаймиз!"

Жеймс Дэй кўнгилларни ларзага келтирувчи расмни Facebook ижтимоий тармоғига Эдисоннинг ўлимининг кейинги кунида жойлаштирди.

"Мен одатда энг муҳим онларни суратга олиб одамлар билан бўлишаман, бироқ энг муҳим онлар ҳар доим ҳам энг қувончлиси бўла олмас экан. Бу воқеа менинг ҳаётимни ўзгартирди", - деди у интервьюда.

Ушбу суратларни юз минг марталаб кўришди ва кўп инсонлар ота-онани қўллаб-қувватловчи изоҳлар ёзиб қолдиришди. Бугунги кунда Маклинлар ва уларнинг оиласи ёрдамга муҳтож бошқа ота-оналарга пул воситалари йиғмоқда.

"Биз тўпланган барча маблағларни Эдисон дунёга келган доялик дастурига сарфламоқчимиз. Интенсив терапия бўлимида ишловчи ходимлар бизни доим қўллаб-қувватлашди. Улар ўғлимизнинг яшашга имкони йўқлигини билсалар ҳам, уни қутқариш учун қўлларидан келган ишни қилдилар. Биз улардан Эдисон билан хайрлашиш имкони учун миннатдормиз".

Агар сен ҳам ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси қадрли деб ҳисобласанг, бу ажойиб воқеа тарихини бошқалар билан баҳам кўр!