Тошкент метросида нега ҳожатхоналар йўқ?
Кундалик ҳаётида метро транспортидан тез-тез фойдаланадиган ҳар бир инсоннинг хаёлига Тошкент метросида нега ҳожатхоналар йўқлиги ҳақидаги савол келган бўлиши табиий.
Хўш, нега Ўрта Осиёда биринчи қурилган Тошкент метро транспорти ҳудудида оммавий ҳожатхоналар кўзда тутилмаган? Бу саволга vot.uz сайти жавоб қидириб кўрди.
Табиий эҳтиёж исталган пайтда пайдо бўлиши мумкин. Агар жетон олишга улгурмаган бўлсангиз, метродан ташқарида умумий ҳожатхона излаб кўриш керак. Агар жетон сотиб олиб метрога тушиб бўлган бўлсангиз, ёки сабр қиласиз, ёки яна бир жетоннинг баҳридан ўтиб ташқарига чиқиб келишга тўғри келади. Бу эса, албатта маълум ноқулайликлар туғдиради. Метрода ҳожатхона қуришга нима тўсиқ бўлиш сабабларини таҳлил қилинади.
Аввало, метро – стратегик муҳим объект эканини эслатиб ўтиш жоиз. Бу ерда сурат, видео тасвирга тушириш тақиқланган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳожатхона қурилишида фойдаланиладиган мосламалар ёнғин, портлаш эҳтимолини олдини олиш мақсадида метро ҳудудида туалетлар бўлиши мумкин эмас.
1966 йили содир бўлган мудҳиш зилзиладан сўнг, шаҳар қисқа муддатда қайта қурилишга ҳамда тезкор ва қулай транспорт воситасига катта талаб бўлган. Тошкент шаҳри ҳудудининг унча катта эмаслиги туфайли метро линиялари қисқа бўлган. Табиийки, қисқа муддатларда ҳожатхонага эҳтиёж ҳам бўлмаган.
Қолаверса, Тошкент метро қурилишида ҳожатхоналар бўлиши инобатга олиб лойиҳалаштирилмаган.
Канализация қурилиши, сув тозалаш мосламаларини ўрнатиш жараёни ўта мураккаблиги сабабли, қоида бўйича метронинг тозалов ускуналари ҳам метро ташқарисида жойлашган.
Юқоридаги сабаблардан ташқари яна бир инкор этиб бўлмайдиган ҳолат бор. Ҳаво табиий равишда айланмайдиган ёпиқ жойда ҳожатхоналарнинг бўлиши нохуш ҳидлар анқиб туришига олиб келади. Тан олиш керакки, ҳамма ҳам бирдек тозаликка, гигиена қоидаларига амал қилавермайди.
Ўта зарур ҳолатларда, масалан, болалар, болали аёллар, қариялар ёки ҳомиладор аёлларга ҳожатхонага зарурат туғилиб қолса, хизмат туалетларидан фойдаланишга рухсат берилади.
Ер ости йўлларида туалетлар бўлиши мумкинлигини халқаро тажриба инкор қилмайди. Бироқ, метро атрофида умумий фойдаланишга мўлжалланган туалетлар қурилиши режалаштирилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Аслида қайсидир халқнинг турмуш тарзи ва маданияти ҳақида билмоқчи бўлсанг, бозори ва умумий ҳожатхоналарига назар солиш керак, деган ибора бор. Афсуски, Ўзбекистон ҳудудидаги ҳожатхоналарнинг сони ва аҳволи билан мақтаниб бўлмайди.