Жамият | 15:56 / 08.04.2016
2580
4 дақиқада ўқилади

Миллиардлаб чатлар қулфда: WhatsApp’даги шифрлаш қандай ишламоқда ва унинг Telegram’дагидан нимаси кам

5 апрель куни WhatsApp хавфсизликнинг янги чоралари киритилгани ҳақида маълум қилди: барча фойдаланувчиларга алоқани тўлиқ шифрлаш имконини берувчи қўшимча хизматни мажбурий киритишди. Назарияда бу WhatsApp’ни дунёдаги энг хавфсиз оммавий мессенжерга айлантиради. Бироқ бундай чоралар ўзига яраша чекловларга эга. Шу боис бошқа мессенжерлар ишлаб чиқарувчилари, масалан Telegram - бундай технологияни қўллашдан бош тортган.

Мессенжерларнинг хавфсизлиги рейтинги Electronic Frontier Foundation (EFF) томонидан тузилади. Унинг сайтида доимий янгиланиб турувчи жадвал бўлиб, бу ерда мессенжерлар текширув натижаларидан келиб чиқиб, 1 дан 7 баллгача бўлган мезонда баҳоланади.

Мисол учун, Telegram махфий чатлари бу жадвалда 7 баллни (энг юқори баҳо)қўлга киритган, бошқа оддий чатлар эса 7 баллдан 4 баллга эга. Шу жадвалга кўра WhatsApp 2014 йилнинг ноябригача 7 баллдан 2 баллга эга бўлган: мессенжер хабарларни юборишда шифрлаган ва ўтган йиллар давомида мустақил аудит хавфсизлигидан ўтган. Аммо белгиланган шифрлаш киритилган куни EFF ташкилоти WhatsApp’га 7 дан 6 балл берди. WhatsApp’нинг янги шифрлаш дастури устида Open Whisper Systems (OWS) шуғулланган.
2015 йилнинг декабрида Telegram асосчиси Павел Дуров OWS’нинг раҳбари Мокси Марлинспайк билан омма олдида баҳслашиб кетган: у Telegram тармоғи шифрланмаган хабарларни сақлайди деган фикрни билдирган (аслида эса бундай эмас), натижада Дуровнинг жаҳли чиқиб кетади ва бунга жавобан бундай фикр тарафдорларини "тўланган туҳмат"да айблайди.

Тўлиқ шифрланган тизим ҳам ўзига хос камчиликларга эга. Масалан, Telegram тармоғи тўлиқ шифрлашдан воз кечганига сабаб сифатида жамият кўз ўнгида ҳаддан ташқари ҳимояланган тизим сифатида намоён бўлишни истамаслигини билдирди. Тўлиқ шифрланган ҳимоя "маълум мамлакатлар томонидан қаттиқ таъқиб қилиниш"га сабаб бўлиши мумкин, дейишди Telegram вакиллари.

WhatsApp илгари ҳам баъзи мамлакатлардаги ёзишувларни кўрсатишдан бош тортгани учун можароларга аралашиб қолган. Энди эса унга давлат органлари билан умуман ҳамкорлик қилолмаслигини билдиришмоқда.

WhatsApp ҳам Apple каби вазиятдан муносиб чиқа оладими йўқми, буни вақт кўрсатади.

Тўлиқ шифрлашнинг ижобий томони қурилмадаги ёзишмаларга уларнинг эгаларидан бошқа ҳеч ким киролмайди, чунки уларнинг бошқа нусхаси йўқ. Бироқ бунинг салбий томони ҳам бор: унинг калитини бошқа қурилмага ўтказиб бўлмайди. Шифрлаш калити мессенжер юкланган смартфон билан узвий боғлиқ.

Telegram тармоғида эса оддий чатлардаги хабарлар мессенжер хизматидаги калит орқали шифрланади, шунинг учун фойдаланувчининг шифрловчи калитини бошқа қурилмаларга ҳам ўтказса бўлади. Бу Telegram’ни бир вақтнинг ўзида бир неча қурилмаларда ишлатиш имконини беради.

WhatsApp’да тўлиқ шифрлаш тизими сабабли бундай имконият йўқ. Фойдаланувчилар кўз ўнгида бу тармоқ янада хавфсизлигини намоён этди. Энди улар давлат органларига бемалол кўрсатадиган ҳеч қандай маълумотлари йўқлигини билдиришлари мумкин. Бироқ бундай қарор компанияга зарар ҳам етказиши мумкин: жаҳондаги мураккаб сиёсий вазият туфайли мессенжерни бир қатор давлатларда тақиқлашлари мумкин.

Сўннги маълумотларга кўра, Дуровнинг Telegram лойиҳаси охирги ярим йилда шунчаки оддий ёзишмалардан - ўз ботлари, оммавий каналлари ва бошқа функцияларига эга медиаплатформага айланиб бўлди.