Қозоғистонлик 81 ёшли саёҳатчи аёл дунё кезмоқда
Олма-отада яшовчи 81 ёшли Лена Тансиқбоева хорижга биринчи марта 79 ёшида чиққан. Шу давр мобайнида у Англия, Франция, Таиланд ва АҚШга бориб келишга улгурди. Бу йил оила аъзолари уни Маккага олиб боришмоқчи.
Унинг набираси Ойдин Тансиқбоеванинг сўзларига кўра, улар ҳар бир сафар олдидан бувилари билан маслаҳатлашади. Агар онахон саёҳатдан бош тортса, набиралар ҳам йўлга чиқишмайди.
Охирги марта саёҳатчи оила Нью-Йоркка ташриф буюрди. Американинг энг йирик шаҳрини улар тасодифан танлашмади – бу ерда Ойдиннинг опаси таълим олади.
Лена Тансиқбоева барча сафарларни яхши ўтказади. “Бувимнинг соғлиги жуда яхши. Ҳатто шифокорлар бувимнинг юраги худди 18 ёшлиларникидек, дейишади”, -мақтанади набира.
Ойдин шунингдек, бувисининг қувноқ, очиқ кўнгилли эканини ҳам айтди.
“У очликдан бошқа ҳар қандай саргузаштларга тайёр. Лекин шу билан бирга бизни тартибга ҳам чақириб туради”, -дейди набира.
Саёҳатчилар маҳаллий таомлар билан боғлиқ муаммоларга ҳам дуч келиб туришади. Масалан, улар Англияга ўзлари билан қази олиб боришган. Испания, Францияга эса қази олиб кетишмагани учун роса пушаймон бўлишган, бу ерларда онахонга овқатлар ёқмаган. У асосан нон ва макаронлар истеъмол қилган. Таиландда эса балиқ билан таомланган. Америкада у ва қариндошлари алоҳида таом тайёрлашган. Онахонга фаст-фуд ҳам ёқади.
Лена Тансиқбоеванинг олти нафар фарзанди, 17 нафар набираси ва 12 нафар эвараси бор. У саёҳатларга Олма-отада бирга яшайдиган оила аъзолари билан чиқади.
“Бувимга дунё кўриш имкониятини биз бермадик, аксинча у бизга шундай имкон берди. У бизни ўстирди, унинг меҳнатлари туфайли биз ҳозирги даражамизга етиб келдик. Бувимни саёҳатга олиб кетиш масаласи муҳокама қилинмайди. Агар у бормаса, биз ҳам бормаймиз”, - дейди Ойдин.