Ўзбекистон | 16:57 / 10.04.2016
3698
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказилди

8 апрель куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги йигирма саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда УзА хабар қилган.

Қозоғистон Республикаси раислигида ташкил этилган мажлисда Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси вакиллари иштирок этди.

Мажлисда ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2013-2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш якунлари ва ШҲТ МАТТ Кенгаши қарорлари ижроси муҳокама қилинди. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган ШҲТ МАТТ Кенгашининг мазкур халқаро тузилманинг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси лойиҳаси маъқулланди. ШҲТ МАТТ фаолияти терроризм, сепаратизм ва экстремизм каби ҳозирги кундаги таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги талабларга жавоб бериши таъкидланди.

2014 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш котибияти билан расмий алоқалар ўрнатган эди. Мажлисда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида шерикликни йўлга қўйиш мақсадида ШҲТ МАТТ ва ушбу ташкилот ўртасида ҳамкорликни назарда тутувчи ҳужжатлар лойиҳалари маъқулланди.

2016 йилнинг IV чорагида ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар делегациялари иштирокида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига бағишланган тўртинчи илмий-амалий конференцияни ўтказишга келишилди.