Жамият | 18:43 / 10.04.2016
2016
2 дақиқада ўқилади

Уч боланинг қотили суд томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди

Қўлида бирор ҳунарнинг тайини бўлмаган Жаббор аввал дуч келган ишда ишлаб юрди. Охирги иш жойи — чойхона ёпилиб кетгач, кўчада қолди. Қўшниси Салим аканинг ёрдами билан фермер хўжалигига ишга жойлашди. Шу тариқа у чўпонлик қилиб юрди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзмоқда.

Отарда ундан ташқари яна бир чўпон бор: Қосим ёзда тўртта боласи билан шу яйловга ўтов қуриб, кўчиб келган. Гоҳида Қосимнинг хийла эринчоқлиги, ўз ишининг ҳам шеригига ошириши баъзида уни ўта даражада жаҳлини чиқарарди.

Ўша куни эрталаб Қосим шеригини барвақт уйғотиб, пода боқишга жўнатди. Ўзи эса ўтовда оиласининг ёнида қолди. Бу эса Жабборнинг ҳамиятига тегди. Ўша куни улар ўртасида даҳанаки жанжал ҳам бўлиб ўтди.

Қош қорайган маҳалда Жаббор рақибидан ўч олиш учун ўтови тарафига йўл олди. Ўтовдан Қосимнинг фарзандлари Равшан, Моҳира, ва Маликанинг шўх-шодон овозлари эшитилиб турарди. Жаббор ўзини панага олди ва оила аъзоларининг уйқуга кетишини кута бошлади.

Тонгга яқин ҳамма донг қотиб ётган маҳалда Жаббор ўтовдан ичкарига кирди ва маст уйқудаги Қосимнинг бўйнига ўзи билан олиб кирган пичоқни санчди. Шўрлик Қосим уйқисидаёқ жон таслим қилди.

Жаббор билмасдан остида ётган Маликанинг оёғини босиб олди. Буткул ақлини йўқотган қотил қилмиши фош бўлишидан қўрқиб, бечора қизчага ҳам бир неча бор пичоқ санчди. Ундан кейин уйғониб, бу даҳшатга гувоҳ бўлган Моҳирани, ташқаридан мол соғиб ўтовга қайтаётган Равшанни ҳам шу тахлит ваҳшиёна ўлдирди.

Суд ҳукмига биноан Жаббор Маликов ўта хавфли жиноятчи деб топилди ва қатъий тартибли колонияда умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди.