Ўзбекистон | 12:35 / 11.04.2016
1979
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини автотранспорт воситасида олиб чиқишга рухсат берди

Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил 1 апрелидан бошлаб, 2015 йил 1 сентябридан мева-сабзавот маҳсулотларини фақат темирйўл ва авиатранспорт воситасида ташишни белгилаб қўйган август ойидаги қарорига ўзгартиришлар киритди.

Унга кўра, 2016 йил 1 июлидан бошлаб, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ёрдамида мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз экинлари ва узумни ташишга йўл қўйилади. Бунинг учун, уларда автомобиль транспорти ёрдамида халқаро юк ташувларини амалга ошириш лицензияси бўлиши талаб этилади.

Умуман, 2015 йилда Ўзбекистонда деҳқонлар меҳнати самараси натижасида жами 12 миллион 592 минг тонна мева-сабзавот ҳосили олинган. Жумладан, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилган.

Вазирлар маҳкамасининг январь ойида бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида, давлат раҳбари ушбу маълумотларни келтирган эди.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатдан йилига ўртача 550-600 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.