Ўзбекистон ва Қозоғистон транзит тарифларини келишиб олди
Ўзбекистон ва Қозоғистон юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида мослашувчан тариф сиёсатини давом эттириш ҳақида келишиб олди. Бу ҳақда «Қазақстан темир жоли» МК матбуот хизмати хабар тарқатган.
2016 йил 8 апрель куни «Қазақстан темир жоли» МК АЖ компанияси президенти Асқар Мамин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ишчи ташриф билан келган.
Ишчи ташриф давомида делегация раҳбари Асқар Мамин Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ботир Зокиров, Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазири Элёр Ғаниев ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси Очилбой Раматов билан тегишли масалаларни, хусусан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ўстириш масалаларини муҳокама қилган.
Томонлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида йилнинг биринчи чорагида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми ортганини эътироф этишган.
"Юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида мослашувчан тариф сиёсатини юргизишга келишилди. Шунингдек, дон, ун, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, пахта толаси, минерал ўғитлар, рангли металлар ва бошқа юкларни ташиш учун транзит тарифлар бўйича чегирмалар тақдим этиш эҳтимолини кўриб чиқилди", дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, томонлар икки мамлакат корхоналари ишлаб чиқарган темир йўл транспортига мўлжалланган маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиради.
Якунда Ўзбекистонга темир йўл орқали Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тегишли Баённома имзоланди.