Фан-техника | 19:36 / 12.04.2016
3361
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг ўзи бошқарилувчи машиналари Чунциндан Пекинга йўл олди

Хитойнинг Changan Automobile автоконцерни ўзининг ўзи бошқарилувчи машиналари учун тест-драйв бошлади, деб хабар бермоқда "Синьхуа" ахборот агентлиги.

Иккита ҳайдовчисиз автомобиль Хитойнинг энг йирик шаҳарларидан бири – Чунциндан пойтахт Пекингача 2000 км йўл босиб ўтади.

Автоконцерннинг тадқиқот бўлими бош муҳандиси Ли Юшэннинг айтишича, бу ўтиш машиналарни турли шароитларда синашга имкон беради. Ҳозирча автомобиллар шаҳар йўлларида ва трассаларда яхши натижалар кўрсатди, бироқ пулли трассалар ва ёқилғи қуйиш станцияларида ҳайдовчиларнинг аралашуви керак бўлди, деб изоҳ бермоқда Ли.

"Биз сенсорлар ва маълумотларни қайта ишлаш усулларини моделларни оммавий ишлаб чиқаришга тайёрлаш учун яхшиламоқчимиз", деб айтди бўлим директори ўринбосари Тань Бэньхун.

Changan ҳайдовчисиз машиналари функциялари қаторига тўлиқ тезликда ишловчи адаптив круиз-контрол, тирбандликларда ҳаракатланишда ёрдам берувчи тизим ва қаторлар бўйича автоматик сафланиш киради.

Компания ўзининг бу машиналарини 2018 йилдан бошлаб сотишни бошламоқчи.