Иқтисодиёт | 22:46 / 13.04.2016
3633
2 дақиқада ўқилади

“Ўзкўргазмасавдо” марказида “BankEXPO – 2016” миллий кўргазмаси бошланди

“Ўзкўргазмасавдо” марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankEXPO – 2016” миллий кўргазмаси бошланди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар беради.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Банклар ассоциацияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари А.Ҳайдаров, Банклар ассоциацияси раиси С.Абдуллаев бугунги кунда мамлакатимизда 26 банк ва уларнинг 800 дан ортиқ филиал ва бўлимлари самарали фаолият кўрсатаётганини таъкидлади.

«BankExpo – 2016» кўргазмасида банк-молия секторидаги янги технология ва хизматларни намойиш этаётган тижорат банклари, етакчи суғурта, лизинг ва инвестиция компаниялари, молия муассасалари учун IT маҳсулотлар ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган компаниялар иштирок этаётир.

Кўргазма якунида тижорат банкларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ёш тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган танловлар ғолиблари эълон қилинади. Уларга имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар топширилади.