Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби ШҲТ бош котиби Рашид Алимов билан учрашди
13 апрель куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Рашид Алимов билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти хабар берган.
Учрашувда ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари, 2016 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик жараёни ва ташкилотнинг жорий йилда ўтказиладиган бошқа тадбирлари муҳокама қилинди.
ШҲТ бош котиби Ўзбекистоннинг жорий раислиги ва Тошкентда давлат раҳбарлари Кенгашининг бўлажак мажлиси чоғида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар ташкилотнинг 15 йиллик тарихида муҳим босқич бўлиши ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиши кераклигини таъкидлади.