Жаҳон | 11:36 / 14.04.2016
1891
3 дақиқада ўқилади

Newsweek Путин билан бевосита мулоқотнинг айрим жиҳатларини ёдга олди

14 апрель куни бўлиб ўтадиган «Владимир Путин билан бевосита мулоқот» арафасида Newsweek журнали, ушбу мулоқот тарихидаги энг қизиқ мурожаатларни хотирлади.

Америка нашри рўйхат бошига нафақахўр Фаина Ивановнанинг Россия 1867 йили АҚШга сотган Аляскани қайтариб олиш ниятидами? деган саволини қўйишга қарор қилган.

«Қадрли Фаина Ивановна, Аляскани нима қиласиз? Биз шимолий мамлакатмиз. Ҳудудимизнинг 70 фоизи Шимолий минтақага киради. Аляска — жанубий ярим шардами? Йўқ, у ерда ҳам совуқ. Шундай экан, келинг қизишмайлик», — дея жавоб берган эди Путин.

Ўшанда, Путин айрим россияликларнинг Аляскани «Айс-Қрим» деб аташларидан ҳам хабари борлигини айтганди.

2015 йилги мулоқотда бир аёлнинг мурожаати ҳам нашр эътиборини тортган. Унда Путин олий бош қўмондон сифатида аёлнинг ит сотиб олишига унинг ҳарбий эрини кўндириши лозим эди.

«Борис, илтимос, бағрикенг бўл, рафиқанг ит сотиб олишига рухсат бер. Бу ахир оилани мустаҳкамловчи хайрли ишлардан бири», — деб жавоб берганди Россия раҳбари.

Мақолада ёзилишича, баъзан кишилар, шунчаки миннатдорчилик изҳор қилиш мақсадида ҳам қўнғироқ қилишган. Хусусан, 2007 йилда бир аёл киши дастлаб Путиннинг ўзи билан гаплашишга муваффақ бўлганига ишона олмаган.

«Бу сизми?» — «Мен». — «Ростданми?» — «Ҳа». — «Аввал ҳам сиз эдингиз, шундайми?» — «Аввал ҳам». — «Вой худойим, сизга барчаси учун раҳмат!», дея суҳбатдан иқтибос келтиради Newsweek

Бундан ташқари, Newsweek Путиннинг бевосита мулоқотдан сўнг, турли кўринишдаги ҳадялар беришини эътироф этмоқда. Хусусан, 2001 йили Краснодар ўлкасидаги унча катта бўлмаган қўрғонга газ қувури ўтказишга кўрсатма берган бўлса, 2008 йили икки нафар қизга Золушканики каби либос ҳадя қилган ва уларни бувиси билан бирга Москвага таклиф этганди.

Россия давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, бу йил россияликларни ўйлантираётган нарса, нарх-навонинг кўтарилишидир.

Мақола муаллифларининг фикрича, Путин шунингдек, Сурия ва Украина можароларига оид кўплаб саволларга жавоб беришига тўғри келади. Бўлғуси парламент сайловлари ҳам эътибордан четда қолмаслиги аниқ.

Бундан аввал, президент Путинга йўлланган саволлар 1 миллиондан ошгани хабар қилинган эди.