Жаҳон | 08:24 / 14.04.2016
2067
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: Шимолий Корея Ким Ир Сен таваллуд куни муносабати билан ракета учириши мумкин

Шимолий Корея мамлакатнинг шимоли-шарқидаги порт шаҳри ва Вонсан ҳарбий базаси яқинида битта ёки иккита BM25 "Мусудан" мобиль ракета мажмуаларини жойлаштирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳукуматидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда "Рёнхап" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Манбаларнинг фикрича, Пхеньян мажмуа ёрдамида мамлакатнинг биринчи президенти ва Чучхе ғоясининг асосчиси Ким Ир Сеннинг 104 йиллик таваллуд куни муносабати билан ўрта узоқликдаги масофага мўлжалланган баллистик ракетани учириши мумкин.

15 апрелда Шимолий Кореяда "Қуёш куни" – "буюк доҳий", "абадий президент" ва "миллат қуёши" Ким Ир Сеннинг таваллуд куни шарафига давлат байрами нишонланади.

Агар ракета ҳақиқатан учирилса, унда бу мамлакат тарихида ВМ25 туридаги ўртача узоқликка мўлжалланган ракетанинг биринчи учирилиши бўлади. 4 минг км гача таъсир радиусига эга ракета АҚШ ҳудуди ҳисобланган Гуам оролларига етиб бориши мумкин.