ФВВ зилзила бўйича ўтказаётган танлови орқали смартфонли бўлиш имкониятини тақдим этди
Ўзбекистон ФВВ ва мамлакатдаги БМТ Ривожланиш дастури зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш қоидалари бўйича танлов эълон қилди. Бу ҳақда муассаса расмий сайтида хабар берилган.
"9 баллгача бўлган ер ости силкинишлари кучини ҳис этиш ва зилзила табиати ҳақида билимга эга бўлиш имконияти яратилди", дейилади хабарда.
Танлов шартлари қуйидагилардан иборат:
1) Қуйидаги http://fvv.uz/uz-how-to-act14 ҳаволадан ўтинг ва зилзилагача, зилзила вақтида ва ундан кейин ўзингизни қандай тутиш қоидалари билан танишинг;
2) 2016 йилнинг 20 апрель куни соат 16:00гача зилзила вақтида уйда, ишхонада, мактабда, кўчада ва бошқа шароитларда қандай ҳаракат қилишингиз ҳақида бизга ёзиб юборинг. Хатти-ҳаракатларингиз намунасини, маълумотларингизни (Фамилия, исм, отангизни исми,яшаш манзили, алоқа телефони) кўрсатган ҳолда, tanlov@fvv.uz электрон манзилига йўлланг.
Тўғри жавоб берганлар орасидан қуръа ташлаш йўли билан 20 нафар иштирокчи танлаб олинади, улар:
А) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институтининг Зилзилаларни симуляция қилиш марказига ташриф буюришади ва у ерда сейсмология ривожининг тарихи ҳақида барча маълумотларга эга бўлишади;
Б) Экспозиция билан танишадилар, 1966 йилги Тошкент зилзиласи ва сайёранинг бошқа нуқталарида юз берган бошқа йирик зилзилалар ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларни олишади;
В) Махсус жиҳозланган зилзилалар симуляторида 9 балли ер ости силкиниши кучини ҳис қилишади;
Г) Бош соврин – смартфон.
Зилзилалар тарихи оламига мароқли саёҳат қилишни хоҳловчилардан хатлар 20 апрель куни соат 16.00гача қабул қилинади.
21 апрель куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайтида танлаб олинган иштирокчилар рўйхати жойлаштирилади.
23 апрель куни мукофотларни топшириш ва экскурсия бўлиб ўтади.