Тожикистонда 16 ноябрь Президент куни сифатида эълон қилинди
Тожикистонда бундан кейин ҳар йили 16 ноябрь куни Президент куни сифатида нишонланади. Бу қарор 15 апрель куни мамлакат парламентининг қуйи палатаси (Мажилис намояндагон) томонидан қабул қилинган. Депутатлар "Байрам кунлари ҳақидаги" қонунга тузатишлар киритишган.
Қуйи палата раиси Шукуржон Зухуров бу куннинг танланишини изоҳлаган. "1994 йилнинг 6 ноябрида умумхалқ референдуми орқали мустақил Тожикистон конституцияси қабул қилинганди. Ўша кунда мамлакат президентлигига сайловлар ўтказилган ва президентликка сайланган Эмомали Раҳмон 16 ноябрь куни ватанга ва халққа президент сифатида қасамёд қилган", дейди Зухуров.
Унинг айтишича, "бу тарихий кунга ҳурмат ифодаси сифатида ҳар йили Тожикистон президенти кунини нишонлаш керак".
Маълумот учун, Тожикистонда 79та байрам куни бўлиб, уларда 10тасида дам олиш куни бўлади. Президент кунида дам олиш берилмайди.