Спорт | 23:22 / 16.04.2016
2124
2 дақиқада ўқилади

Ла-Лига, 33-тур: "Реал" "Хетафе"ни тор-мор этди ва "Барселона" билан фарқни бир очкогача қисқартирди

Испания чемпионати 33-турида "Хетафе" ўз майдони "Колисеум Альфонсо Перес"да "Реал"ни қабул қилди. Учрашув мадридликларнинг 1:5 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланди.

Карим Бензема ва Исконинг аниқ зарбалари Зинедин Зидан шогирдларига танаффусга 2 гол устунлик билан кетишларига имкон берди. 2-бўлим бошида Гарет Бэйл ҳисобни янада оширди. Учрашув тугашига 7 дақиқа қолганда мезбонлар Пабло Сарабия голи эвазига бир жавоб голини қайтаришди, бироқ қолган вақт ичида Хамес Родригес ва Криштиану Роналду киритган голлар эвазига "Реал" йирик ғалабани расмийлаштирди.

Бу ғалаба "Реал"га (75 очко) "Атлетико"дан ўтиб (73 очко), 2-ўринга кўтарилишга имкон берди. "Реал" билан чемпионат пешқадами "Барселона" ўртасидаги фарқ бир очкогача қисқарди. Бироқ "Атлетико" ва “Барселона” битта кам ўйин ўтказишган. "Хетафе" (28 очко) эса охирги ўринда қолди.

Испания Примераси. 33-тур
Хетафе – Реал Мадрид – 1:5
Голлар: Бензема, 29 (0:1); Иско, 40 (0:2); Бэйл, 50 (0:3); Сарабия, 83 (1:3); Родригес, 88 (1:4); Роналду, 90+2 (1:5).