Фан-техника | 16:23 / 18.04.2016
2042
1 дақиқада ўқилади

ЕИ Google компаниясини 7 млрд доллар миқдорида жаримага тортиши мумкин

Европа антимонополия хизмати раиси Маргрете Вестагер Google компаниясининг смартфон ишлаб чиқарувчилари ва алоқа операторлари билан битимлари тафтиш қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Компания Android операцион тизимини илгари суриш ва ривожлантириш йўлида имтиёзларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Вестагернинг сўзларига кўра, йирик компаниялар ўзларини инновациялар эвазига ҳимоя қилмаслиги керак. Ўтган йили ҳам ЕИ антимонополия комиссияси Google компаниясига нисбатан суриштирув ишларини олиб борган эди. Бунга смартфон ва планшет ишлаб чиқарувчиларни Google тизимига рақобатдош бўлган Android версияларини ишлаб чиқиш ва ўрнатишига тўсқинлик қилишда гумон қилиниши сабаб бўлганди.

Агар ЕИ комиссияси қоидабузарликни исботлай олса, Google’га 7,4 миллиард доллар жарима ёки 2015 йилги даромадлардан 10 фоиз чегирма хавф солади.