Луис Энрике «Валенсия»га қарши ўйиндан кейинги матбуот анжумани вақтида журналистга қўполлик қилган
«Барселона» жамоаси бош мураббийи Луис Энрике «Валенсия»дан учралган мағлубиятдан кейин ўтказилган матбуот анжумани вақтида журналистлардан бирининг саволига қўполлик билан жавоб қайтарган.
Маълум қилинишича, Diario Gol нашри мухбири Виктор Мало мураббийдан жамоада апрель ойида кузатилаётган инқирозни изоҳлашини сўраган.
Лекин Энрике журналистнинг устидан кулган.
«Сенинг фамилиянг қанақа? Маломи? Барчаси тушунарли», деган у.
Маълумот учун, "Malo" сўзи испанчадан таржима қилинганда "ёмон" маъносини англатади.
«Барселона» мавсум давомида ўз таъқибчиларидан катта фарқ билан олдиндо борди. Кейинги 3та турдаги кетма-кет мағлубият туфайли эса бу устунлик бой берилди. Эндиликда жамоа чемпионликка эришиш учун қолган турларда очко йўқотмаслиги талаб этилади.
33-тур ўйинларидан кейин, «Атлетико»«Барселона»га етиб олди. Каталонияликлар тўплар нисбатига кўра биринчи ўринга жойлашишган. «Реал» 75 очко тўплаб, учинчи ўринда кетмоқда.