"Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси ташкил этилди
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 8 апрелдаги қарорига кўра, "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси мева ва сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва омборхоналарда сақлаш билан шуғулланувчи корхоналарнинг «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасига айлантирилди. Бу ҳақда uzdaily.uz нашри хабар бермоқда.
"Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз экинлари ва узум харид қилиш, сақлаш ва етказиб бериш бўйича 47 корхонани бирлаштиради.
Янги уюшма фаолияти асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалардан барра мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни ички истеъмол бозорини тўлдириш ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун қишки-баҳорги мавсумга сақлаш учун ғамлаш мақсадида сотиб олишга шартномалар тузиш;
- қишки-баҳорги мавсум учун ғамланадиган маҳсулотнинг тегишли сақланишини ташкиллаштириш ва уни сақлаш вақтида йўқотишларни камайтириш, замонавий логистика тизимини татбиқ қилиш;
- республика шаҳарларида барра мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш бўйича махсус ярмаркаларни ўтказиш;
- тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва уюшма таркибига кирувчи корхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича ишларни ташкиллаштириш, махсус омборхоналар ва музлатгич камераларини қуриш, реконструкциялаш ва модернизациялашни таъминлаш;
- узоқ ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи аҳолини ижтимоий аҳамиятдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;
- уюшма таркибига кирувчи корхоналар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкиллаштириш.
Бундан аввалроқ 2016 йилги ҳосилдан бошлаб Ўзбекистонда янги мева ва сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни сотиб олишга давлат буюртмаси жорий этилгани хабар қилинган эди. Янги маҳсулотларни келгусида саноат даражасида қайта ишлаш учун сотиб олиш февралда ташкил этилган «Ўзбекозиқовқатхолдинг», қиш-баҳорги мавсум учун маҳсулотлар ғамлаш — «Ўзбекозиқовқатзахира», экспорт — яқинда ташкил этилган ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси томонидан амалга оширилади.