Жаҳон | 14:39 / 18.04.2016
3768
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда ташландиқ болалар учун беби-бокс ўрнатиш режалаштирилмоқда

Қирғизистон республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Талантбек Ботиралиев мамлакат ҳудуди бўйлаб беби-бокслар ўрнатишни режалаштирмоқда.

“Бу ҳаётий зарурат. Биз ўз ота-онаси томонидан бирор шаҳар ёки қишлоқ четида тақдир ҳукмига ташлаб кетилган болаларни жимгина кузатиб ўтира олмаймиз. Бундай тубанликка қарши давлат чоралари кўрилиши, жамоатчилик эътиборини қаратиш лозим. Чунки кимнингдир хатоси эвазига янги ҳаётнинг бўғилишига йўл қўя олмаймиз”, - дея Ботиралиевнинг сўзларини келтирди соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот маркази ходими Елена Баялинова.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлиги остида бўлажак оналар учун махсус маълумот материаллари чоп этилган.

“2016 йил бюджетида ушбу мақсадда харажатлар кўзда тутилмаган. Лекин мен зарур чораларни кўришга ҳаракат қиламан. Балки беби-бокслар туғруқхоналарнинг ўзида ўрнатилади. Бунга катта маблағ кетмайди”, - дейди вазир.

2016 йилнинг март ойида Талас шаҳрида ўз онаси кўчага ташлаб кетган чақалоқни итлар ғажиб кетган эди. Январда эса Жалолободда она ўз боласини ҳожатхонага ташлаб юборганди.

Беби-бокс, ҳаёт даричаси деб ҳам аталади. У ташқи томондан металлопластик ойна ва бино ичидан кроват-беланчак кўринишида жиҳозланган махсус мослама. Уни ташқаридан очиб, чақалоқ махсус кроватга қўйилади, 30 сониядан сўнг ҳаёт даричаси бутун умрга қулфланади. Беби-бокс атрофида назорат камералари ҳам, соқчилар ҳам йўқ. Ташлаб кетилган норасида ҳақида бино ичкарисида қўнғироқ ва чироқнинг ўчиб-ёниши орқали билиб олишади.