Жаҳон | 22:52 / 18.04.2016
2230
3 дақиқада ўқилади

Швеция уй-жой қурилиши вазири экстремистлар билан овқатлангани маълум бўлгандан кейин истеъфога кетди

Швеция уй-жой қурилиши вазири ва Яшиллар партияси аъзоси Мехмет Қоплон 18 апрелда, ОАВда унинг экстремистлар билан овқатлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлгандан ва исроилликларни нацистларга қиёслагани учун танқидлардан кейин ўз лавозимидан кетиши ҳақида ариза ёзди.

"Мен бугун Мехмет Қоплондан уй-жой қурилиши вазири лавозимидан кетиши ҳақида ариза олдим ва уни маъқулладим", деб айтди Стокгольмдаги матбуот-анжуманида Швеция бош вазири, социал-демократ Стефан Лёвен. Лёвен аризани охирги кунлардаги баҳслар Қоплоннинг ўз лавозимида ишлашини имкониятсиз қилгани учун имзолаганини айтди.

Қоплоннинг ўзи эса ўз лавозимидан кетиши сабабларига изоҳ бера туриб, бу қадам у ҳақда ўтган ҳафтада ОАВда чоп этилган маълумотларнинг тасдиқланиши ҳисобланмаслигини айтди. "Лавозимимдан кетишим мен нотўғри деб ҳисоблайдиган маълумотларни тасдиқлашим ҳисобланмайди. Мен кимлигимни биламан. Шунинг учун бамайлихотир кета оламан. Мен ишлашни давом эттирмоқчиман, мен партиям томонидан кучли қўллаб-қувватлашни ҳис қилмоқдаман", деб айтди Қоплон.

Келиб чиқиши туркиялик бўлган 44 ёшли Қоплон ўтган ҳафтада у ҳақда ОАВда пайдо бўлган хабарлардан кейин жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. ОАВда Қоплоннинг ўтган ёзда рўза муносабати билан байрам дастурхон атрофида мусулмонлар билан ўтиргани сурати чоп этилди. Дастурхон атрофида Қоплондан ташқари, Туркиянинг "Кулранг бўрилар" экстремистик ташкилотининг Швециядаги раиси ҳамда National Vision ислом ташкилотининг вакиллари ҳам бўлган.

Қоплон билан боғлиқ ўтган ҳафтада маълум бўлган ва мамлакатда танқид келтириб чиқарган яна бир воқеа унинг 2009 йилда айтган сўзлари билан боғлиқ бўлди. Ўшанда Қоплон ўз нутқларидан бирида Исроилнинг фаластинликларга нисбатан ҳаракатларини нацистларнинг 1930-йилларда яҳудийларга нисбатан ҳаракатларига қиёслаган.

Қоплон бу танқидларга жавобан улар асоссиз эканлиги, унинг сўзлари эса нотўғри талқин қилингани айтган. "Мен экстремизмнинг барча шаклларини рад этаман. Яшил ғоя тинчлик, турфалик ва глобал ҳамфикрликни ёқлаб чиқади. Бу менинг қадриятларим", деб айтган Қоплон.