Жаҳон | 11:30 / 18.04.2016
1728
2 дақиқада ўқилади

Япон олимлари Кюсюдаги зилзила сабабларига изоҳ беришди

15 апрелдан 16 апрелга ўтар кечаси Япониянинг жануби-ғарбидаги Кюсю оролларини ларзага келтирган 7,3 балли зилзила Футагава ҳудудидаги тоғ жинсларининг деярли 2 метрга сурилиши оқибатида рўй берган. Сейсмолог-олимлар шундай хулосага келишган. Бу ҳақида ТАСС агентлиги маълум қилди.

"Футагава ёриғининг бир қисмида кўчиш кузатилган ва бу 7,3 балли зилзилага сабаб бўлган", - деб ҳисоблайди тоғ жинслари фаоллигини ўрганиш бўйича Япон жамоати аъзоси Масаси Омата.

Унинг фикрини Цукубо университетидан Юдзи Яги ҳам тасдиқлади. Олимнинг фикрича, Футагава ёриғининг айрим қисмларида тоғ жинсларининг - 1,8 метр масофага горизонталь равишда кўчиши юз берган. Бундай вазият 50 км узунликда ва 20 км кенгликдаги ер майдонида кузатилган.

Тоғ жинсларининг силжиши кетиши ва кўчиши, шунингдек манбанинг юза қисмини сейсмологлар назорат нуқталарида ўрнатилган махсус датчиклар ёрдамида ўлчашади. Олимлар бир ҳафта мобайнида янги кучли силкинишлар рўй бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда. Одамлардан хавфсизлик мақсадида зиён етган биноларга кирмаслик сўралмоқда.

Япониянинг жануби-ғарбидаги Кюсю оролида бир қатор зилзилалар натижасида камида 1262 бино зарар кўрган, 400дан ортиқ уйлар буткул вайрон бўлган. Қўшни Оита ва Миядзаки префектураларида вайронагарчилик даражаси пастроқ, бу ҳудудларда учтагина уйга зиён етган.

Япония метеорологик маркази мутахассислари Кюсю ҳудудида "юқори сейсмологик фаоллик" сақланиб қолаётганлигидан огоҳлантиришмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила натижасида 42 нафар киши ҳаётдан кўз юмган, 1096 нафари турли жароҳатлар олган, етти киши бедарак йўқолган. 34 мингдан ортиқ уйлар электрсиз қолган, 272,2 минг уйга сув етказиб бериш тўхтатилган, 100,5 минг бино эса - газсиз.