Жамият | 12:53 / 19.04.2016
2062
3 дақиқада ўқилади

“Сергелитумангаз” назоратчиси фирибгарлиги учун қўлга олинди

Сергели туманида истиқомат қилувчи Сергей Павленко (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир инсонга ишониб, ўз пулларини бериб юборади. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

Кунлардан бир кун Сергей уйида ўтирган пайти эшик қўнғироғи жиринглаб қолади. Эшикни очса, туман газ бўлимидан назоратчи Даврон Холяров турар эди. У ичкарига кириб, газ мосламаларини, қувурларини ҳамда ҳисоблагични кўздан кечирди. Сергей назоратчига тўловлар учун жами 403500 сўм пул берди. Назоратчи эса бунинг эвазига тўлов квитанциясини расмийлаштириб бериб хонадондан чиқиб кетди.

Сергей ўзи тўлаган коммунал тўловларнинг квитанцияларини олиб ҳар бир идорага кириб чиқди. Навбат туман газ бўлимига келди ва қўлидаги квитанцияни у ердаги ходимга кўрсатди. Ходим фойдаланган газ учун тўланиши керак бўлган тўловларни амалга оширмаганлигини билдирди. — Сиз бундан бир йил олдин назоратчимиз Даврон Холяровга 40000 сўм пул тўлагансиз, мана ишонмасангиз, — дея компьютерни кўрсатди. 

Текширишлар бошланди.

Даврон Холяров “Сергелитумангаз”да назоратчи лавозимида ишлаб келаётганида унинг хизмат вазифаларига мижоз ва идора ўртасидаги шартномаларни тузиш, газҳисоблагичларни давлат муҳри, рақам ва кўрсаткичларни кўздан кечириб назорат қилиш, қарздорликларни ундириш, далолатнома тузиб қарздорлик учун хонадонни тармоқдан ажратиш, судга ҳужжатларни тайёрлаб юбориш кирган. У Сергей Павленконинг уйига бориб банк томонидан берилган квитанцияни унга расмийлаштириб бериб, унда кўрсатилган 403500 сўм пулни истеъмолчиларнинг фойдаланилган табиий газ учун тўлов сифатида олиб қолиб, қоғозчанинг иккинчи нусхасига 400000 сўм ёзиб, нусхасини ва 40000 сўм пулни банкка топшириб, қолган 363500 сўм пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани маълум бўлди.

Бу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари бошланиб, Д.Холяровдан сўраб суриштирилганда ушбу нақд пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани, унга ўша куни дори воситаларини олиш учун пул зарур бўлиб қолганини, кейинчалик ишлатган бу пулларни С.Павленконинг ҳисоб рақамига тўлаб бермоқчи бўлганини, лекин эсидан чиқиб қолганини таъкидлади.

Д.Холяровнинг ушбу хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан баҳоланди ва айбдорлик масаласи ҳал этилди.