2016 йилнинг 1-чорагида 8,48 минг кичик бизнес субъектлари ташкил қилинди
Ўзбекистонда 2016 йилнинг январь-март ойларида 8480та кичик бизнес субъектлари ташкил этилган (деҳқон ва фермер хўжаликлари инобатга олинмаган). Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.
Натижада 2016 йил 1 апрель ҳолатига кўра, фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларининг 211,35 мингтага етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,4 фоизга кўп.
2016 йилнинг январь-март ойларида кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар томонидан иқтисодиётда 3235,9 миллиард сўм миқдорида сармоялар ўзлаштирилган. Бу республика бўйлаб муомалага киритилган сармоялар умумий миқдорининг 40,2 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар 4072,6 миллиард сўмлик қурилиш ишларини олиб боришган. Бу Республика бўйича амалга оширилган қурилиш ишлари умумий ҳажмининг 68,4 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,6 фоизга ортиқ.