Жамият | 08:52 / 19.04.2016
1522
1 дақиқада ўқилади

Ереванда Арманистоннинг собиқ президенти уйига граната улоқтирган шахс қўлга олинди

Арманистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва полиция мамлакатнинг собиқ президенти Роберт Кочаряннинг уйига граната улоқтирган шахсни қўлга олган. Бу ҳақда Арманистон полицияси матбуот хизмати бошлиғи Ашот Агаронянга асосланиб, "Интерфакс" агентлиги хабар тарқатди.

Унинг айтишича, 1984 йилда туғилган фуқаро ўз квартирасида ушланган.

Қўлга олинган шахс ўз айбига иқрор бўлган. Айни вақтда тергов ишлари давом этмоқда.

15 апрель куни кечаси 1998-2008 йиллар давомида Арманистон президенти лавозимини эгаллаган Роберт Кочаряннинг Еревендаги уйига ҳужум уюштирилгани аниқланди. Номаълум кимса қўриқчилар хонаси томонга ўқув гранатаси улоқтирган.

Роберт Кочарян Арманистоннинг иккинчи президенти, 1994-1996 йилларда эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғнинг биринчи президенти бўлган.

Августда 62 ёшни қарши оладиган Кочаряннинг ўзи ҳодиса рўй берган пайтда «Система» компанияси директорлар кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Москвада бўлган.