Эркак ва аёл мияси ўртасида фарқ аниқланди
Суррей Университети биологлари циркад ритми – уйқу ва бедорлик цикли бузилиши – эркакларга нисбатан аёлларга кўпроқ зиён етказишини аниқлади. Бунда аёлларнинг меҳнат самарадорлиги пасайиб кетади.
Мазкур ҳолат асосан тунги навбатчиликда ишлайдиган, жумладан ҳамшира, қўриқчи ва полиция ходимларига тегишли. Тадқиқот натижаси Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди.
Тажрибада 16 нафар эркак ва 18 нафар аёл иштирок этди. Улар табиий ёруғлик алмашинуви бўлмаган шароитга жойлаштирилди. Натижада уйқу ва бедорлик цикли сурилиб борди.
Ҳар уч соат бедорликда қатнашчилар қатор вазифаларни бажарганлар. Жумладан ўз ҳолатлари: уйқучанлик, кайфият ва қандайдир иш бажаришда сарфланган қувват хусусидаги ҳисоботни тўлдиришган.
Иштирокчилар ақлий салоҳиятни белгиловчи тестдан ҳам ўтган. Кўнгиллиларнинг диққат жамла олиши, моторикаси ва меҳнат хотираси ҳам текширилган. Тадқиқотчилар қатнашчилар ухлаётган пайтда электроэнцефалограмма мия фаоллигини ҳам синаб кўрган.
Тажрибалар шуни кўрсатдики, сутка циклининг сурилиши эркак ва аёлларнинг ақлий салоҳиятидан кўра, кўпроқ кайфиятига катта таъсир кўрсатди. Бироқ циркад ритмлари эркакларга солиштирганда аёлларга анчагина кучли таъсир этди. Бу уларнинг тонгги соатларда, одат бўйича тунги сменанинг якунига тўғри келувчи пайтларда фикрлаш даражасининг сусайишига олиб келди.