Жаҳон | 15:20 / 19.04.2016
1822
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда камида 200 киши жазирама қурбони бўлди

Ҳиндистон жанубида икки ҳафта давомида жазирама туфайли 200дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Одишья, Теленгана ва Андхр-Прадеш штатлари энг кўп азият чеккан.

Энг катта талофатни Теленган штати кўрди – иссиқ уриши оқибатида нобуд бўлганлар сони 100 нафардан ортиб кетди.

Метеорологлар мавсумга хос бўлмаган иссиқликни қайд этмоқда. Кундузи салқинда термометр 43 даража иссиқни кўрсатмоқда. Бу эса нормадан 5-6 даража баланд ҳисобланади.

Одишьяда вазият янада оғир. Кундузи иссиқлик 46 даража иссиқ бўлмоқда. Ўтган ҳафтанинг ўзида бу ерда иссиқ уришидан 45 киши ҳалок бўлди.

Олимларнинг башоратига кўра, Ҳиндистон жанубида бу йил максимал иссиқлик 48 даражадан ошади. Ўтган йилги жазирамадан 2 мингдан ортиқ киши нобуд бўлган ҳолатнинг такрорланишидан хавфсираб, ҳукумат мамлакатнинг энг иссиқ туманларида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Аҳолига соат 11дан 13гача уйдан чиқмаслик тавсия қилинмоқда. Текин сув ва зардоб (қатиқдан ажраб чиқадиган суюқлик) тарқатиш пунктлари кўпайтирилмоқда.