Кобулдаги портлаш туфайли жароҳатланганлар 198 нафар, ҳалок бўлганлар 20дан ортиқни ташкил қилмоқда
19 апрель кунининг биринчи қисмида Афғонистон пойтахти Кобул марказида, АҚШ элчихонаси жойлашган ҳудудда рўй берган автомобилган ўрнатилган портловчи қурилма орқали амалга оширилган теракт оқибатида жароҳатланганлар сони 200 нафарга яқинни ташкил этган. Бу ҳақда Tolonews нашри хабар тарқатган.
Теракт натижасида қурбон бўлганлар сони 20 нафардан ортган.
Бундан олдинроқ, мамлакат президенти Ашраф Ғани бу портлашни теракт сифатида баҳолади. Ҳужум учун жавобгарликни толибонлар ўз зиммасига олган.
Портлаш Афғонистон пойтахтида, Пул-э-Махмуд Хан туманида содир этилган. Шаҳар марказидаги АҚШ элчихонаси яқинида сирена товушлари эшитилган, осмонда қуюқ тутун пайдо бўлган. Элчихона ёнида НАТОнинг Афғонистондаги миссияси бош қароргоҳи жойлашган. Хабарларга кўра, портлаш ушбу биноларга таъсир қилмаган.
Терактдан мақсад ҳудудда жойлашган Афғонистон миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси биноси, шунингдек, мамлакат молия ва мудофаа вазирликлари биноларига зарар етказиш бўлгани айтилган.
Портлаш содир бўлганидан кейин ҳудудда отишма овози эшитилган.