Иқтисодиёт | 16:13 / 19.04.2016
2080
1 дақиқада ўқилади

Кувайтда нефтчилар иш ташлашининг учинчи кунида нефть қазиб олиш ҳажми 1,5 млн баррелга кўтарилди

Нефть қазиб чиқариш ҳажми Кувайтда 1,5 миллион даражасига етиб, бир кеча-кундузда 0,3 миллион баррелга ошди. Бу ҳақда Кувайт нефть корпорацияси вакили шайх Талал ал-Холид ас-Сабаҳнинг берган маълумотига таяниб ТАСС агентлиги хабар тарқатди.

"Фавқулодда ҳолатларда ишлаш режасининг амалга оширилиши кутилганидан ҳам ортиқ натижалар берди. Кувайт нефть компаниясининг ишлаб чиқариши мамлакат шимолида нормал ҳолатга қайтмоқда", - деди у ва "қуруқ нефть қазиб чиқариш даражаси бир кунда тахминан 1 миллион 500 минг баррель кўрсаткичига етган"лигини таъкидлади.

Кувайт нефть ва нефть-кимё саноати ходимлари 3 кундан буён ҳукуматнинг маош қисқартирилиши ва чегирмаларнинг олиб ташланишига қарши иш ташлаш ўтказишда давом этишмоқда. Акцияга қўшилганлар Кувайтнинг бир неча минг фуқароси ва давлат компанияси ходимларидан иборат.

Ҳозирги вақтда касаба уюшмаси бошлиқлари ва вазирлик вакиллари музокаралар олиб боришмоқда, бироқ улар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.