Жамият | 19:11 / 19.04.2016
18892
1 дақиқада ўқилади

Олимлар қўл ювишнинг самарали усулини таклиф этишди

Буюк британиялик ва сингапурлик тиббиёт ходимлари тадқиқот натижасида қўл ювишнинг мақбул ва самарали усулини кўрсатиб беришди.

Олимлар бактериялар билан курашда айнан шу усулдан фойдаланишни тавсия қилишмоқда. Илмий иш Infection Control & Hospital Epidemiology журналида чоп этилган.

Мутахассислар беморни кўрикдан ўтказгач, қўлларини спиртли восита билан ювадиган 42 нафар врач ва 78 нафар ҳамширани кузатишган. Шу йўсинда медиклар, уларнинг фикрига кўра, қўл ювишнинг энг самарали усулини аниқлашган. Ушбу усул олти босқичдан иборат (анъанавий қўл ювиш эса уч босқичдан иборат).

Таклиф этилган усул аввалги усулга нисбатан қўлдаги бактерияларни тахминан 20 фоизга кўпроқ йўқ қилади, бироқ нисбатан 25 фоиз кўпроқ вақт ҳам талаб қилади (35 сония ўрнига 42,5 сония). Тиббиёт ходимларининг кузатуви бўйича, тиббиёт муассаси ходимларининг 65 фоизигина олти босқичли қўл ювиш “маросими” тўлиқ бажарган.