Саудия Арабистони суверен жамғарма учун энг яхши раҳбарларни қидирмоқда
Саудия Арабистони қиролликнинг миллий фаровонлик суверен жамғармасига энг тажрибали халқаро номзодларни ишга олишга интилмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg ахборот агентлиги.
Қироллик ҳукуматининг айтишича, жамғармага ўз ишини биладиган олий даражали банкирлар зарур.
Маҳаллий компанияларнинг 100 млрд долларлик акцияларини ўз ичига олувчи жамғарма раҳбарларни, жумладан хусусий акционерлик маблағи раҳбари, кўчмас мулк раҳбари, хатарларни бошқариш раҳбари ва бозорлар раҳбарини қидириш учун АҚШнинг Korn Ferry International фирмаси билан ҳамкорлик қилмоқда.
Валиаҳд шаҳзоданинг ўринбосари Муҳаммад ибн Салмон жамғарманинг келажагини қандай кўришини таърифлаб берди. Унинг айтишича, жамғарма якунда 2 трлн доллардан кўпроқ маблағни назорат қилади ва қиролликни нефтдан воз кечишга ўргатади.
Аввалроқ Саудия Арабистони қиролликнинг энг қимматбаҳо активларини сақлаш учун дунёдаги энг йирик миллий фаровонлик суверен жамғармасини яратаётгани маълум қилинганди.