Ўзбекистон | 21:50 / 19.04.2016
1956
2 дақиқада ўқилади

ТИВда Ўзбекистон-Австрия сиёсий маслаҳатлашувларнинг 5-раунди бўлиб ўтди

2016 йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Австрия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ғарбий Болқон, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ, Марказий Осиё ва Марказий Европа ташуббуси Департаменти директори Ҳайдемария Гурерни қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Австрия кун тартибининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Икки томонлама шаклда ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни ривожлантиришдан икки тараф ҳам бирдек манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам мулоқотлар икки давлат ўртасидаги кўп тармоқли ҳамкорликнинг муҳим воситаси эканлиги қайд этилди.

Учрашувда турли даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Шу куннинг ўзида Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Ушбу маслаҳатлашувлар давомида сиёсий, савдо, ивеститсия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида иқтисодий соҳадаги муносабатларни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда таъкидландики, икки томонлама музокаралар ўтказиш ва қўшма бизнес-форумда иштирок этиш учун келган Австрия етакчи компаниялари нуфузли делегациясининг шу кунлардаги Тошкентга ташрифи Ўзбекистон ва Австрия ишбилармон доираларининг ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқиши ошаётганини тасдиқлайди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг баъзи муаммолари ҳам муҳокама қилинди.