Жамият | 09:35 / 19.04.2016
7888
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди

Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида ўтган фестивалнинг очилиш маросимида турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотлар вакиллари, санъатшунослар, профессор-ўқитувчилар, рассомлар, ҳунармандлар, ёшлар, мамлакатимиздаги элчихоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе, Словакия Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Иван Павол ва бошқалар қатнашишди.

Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ташқи ишлар вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган. Кўргазмалар Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейи, Халқаро маданият карвон саройи, Ўзбекистон давлат санъат музейида ўтказилади. Уларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, рассомлик ва дизайн коллежлари, Бадиий академия тизимидаги таълим масканлари ўқитувчилари ва уларнинг шогирдлари ижоди билан танишиш мумкин. Фестиваль тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам бўлиб ўтади.

«Энг яхши ўқув муассасаси», «Энг яхши мураббий», «Энг яхши тасвирий санъат йўналиши», «Энг яхши кўргазма» сингари ижодий танловлар бадиий таълимни ривожлантириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга хизмат қилади. Кўргазмаларда ёшларнинг икки мингга яқин бадиий, амалий санъат бўйича ижод намунаси намойиш этилади.

Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг илк кунида Соғлом она ва бола йилига бағишланган кўргазма тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги санъат ўқув муассасалари ўқитувчиларининг асарлари намойиш этилди. Марказий кўргазмалар залининг бир қисмида мамлакатимиздаги элчихоналар кўмагида бир қатор хорижий давлатларнинг рассомлари ижодига оид кўргазмалар уюштирилди. Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейда юртимиз тасвирий санъатининг тараққиёт босқичларига оид конференция, академик рассомлар иштирокидаги маҳорат сабоқлари ташкил этилди.