Халқ таълим вазирлигида “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида учрашув ўтказилди
Ўзбекистон республикаси бош прокуратураси томонидан Халқ таълими вазирлигида “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” тарғибот тадбирлари дастури доирасида халқ таълими соҳасидаги суиистеъмолчилик ҳолатлари ва коррупциянинг олдини олиш масаласига бағишланган учрашув ўтказилди. Бу ҳақда республика бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берган.
Видеоконференцалоқа имкониятларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилган ушбу учрашувда Халқ таълими вазири, ўринбосарлари, вазирликнинг таркибий тармоқлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, олий ўқув юртлари ректорлари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари мудирлари иштирок этди.
Тадбирда бош прокуратура масъул ходимининг халқ таълими соҳасида қонунийлик ҳолати, соҳада коррупциянинг олдини олиш борасида 2015 йилда амалга оширилган чора-тадбирларнинг мониторинги таҳлили натижалари ҳақидаги маърузаси эшитилди ҳамда ушбу йўналишдаги тадбирларнинг сифатини янада ошириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Бош прокуратура томонидан тайёрланган коррупциянинг олдини олишга бағишланган видеоматериаллар намойиш этилди.
Учрашувда Ички ишлар вазирлиги ва Республика маънавият тарғибот маркази вакиллари ҳам мавзуга доир маърузалар билан иштирок этди.
Тадбир якунида келгусидаги профилактик тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги комплекс чора-тадбирлар белгилаб олинди.