Жаҳон | 20:31 / 20.04.2016
1506
2 дақиқада ўқилади

77 кишининг қотили Брейвик Норвегия ҳукуматига қарши судда 35 минг евро ундирди

77 кишини ўлдирганлик учун жазоланган норвегиялик Андерс Брейвик қамоқ жазосини ўташ вақтида инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича Норвегия ҳукуматига қарши ишни қисман ютди, яъни у ҳукуматдан 35 минг евро тавон пули ундиришга муваффақ бўлди.
Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Осло округ суди қотилнинг унга нисбатан Европанинг қийноқлар ва инсон қадр-қимматини камситувчи муомала қилишни тақиқлаш конвенциясининг 3-моддаси бузилгани бўйича шикоятини адолатли деб топди.

"Ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала қилишни тақиқлаш демократик жамиятнинг асосий қадрияти ҳисобланади. Бу барча учун, жумладан террорчилар ёки қотилларни даволашда ҳам ўринлидир", деб айтди суд ҳаками ўз қарорида.

Суд ҳаками Норвегия ҳукумати Брейвикнинг шахсий ва оилавий ҳаётга ҳуқуқини бузмаганлигини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ Андерс Брейвик Норвегия уни ёмон сақлаш шароитларида якка ҳолда қамоқда ушлаб, ўлдиришга ҳаракат қилаётгани юзасидан судга шикоят қилгани маълум қилинганди. Террорчи унинг "уч хонали камераси жуда ёмон пардоз қилинган ва деразалари йўқ", деб таъкидлаган.

Брейвик 2011 йил 22 июлда Ослонинг ҳукумат идоралари жойлашган мавзесида бомба портлатган, сўнгра Утойя оролидаги ёшлар оромгоҳида отишма содир этган. Унинг қўлидан умумий ҳисобда 77 киши ҳалок бўлган. У бу қотилликни кўпмаданиятлик ва Европанинг исломлаштирилишига қарши кураши билан тушунтирган. Террорчи бу жинояти учун жазо муддатининг узайтирилиш имконияти билан 21 йилга озодликдан маҳрум этилган.