Дубайда автомобиллар фестивали бошланди
Энг ноёб, энг камёб, энг нодир, энг қиммат, энг, энг...
Дубайда бўлиб ўтаётган автомобиллар фестивалига келган машиналарни таърифлаш шундай давом этади холос, ундан бошқача эмас. Автомобиль двигателининг ажойиб ишлаши ва ички салонини дид билан ўзгартиришга оид намуналар гувоҳини бўлишни истаган киши Дубайга шошилиши лозим.
Ахир фестиваль атиги 3 кун давом этади. Унда қатнашиш учун, нафақат минтақа ёки турли мамлакатлардан, балки бошқа қитъалардан ҳам келишади.
Хусусан, Австралиядан келган Тимнинг айтишича, унинг охирги марта харид қилган машинаси "Шевроле" русумига тегишлидир. У 1941 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, конвейердан чиққан охирги машиналардан биридир.
Тим эса, қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, бугунги кун талабларига мос равишда уни тюнинг қилган.
Умуман олганда, мижоз хоҳиш-истакларига кўра, ҳар қандай автомобилга турлича жило ва ишлов бериш мумкин, дейишади фестиваль ташкилотчилари.
Бунинг учун талаб этиладиган пулни тўлаш кифоя. Машинангизга хоҳлаган бўёқ ёки суратни анжуманнинг ўзида чиздиришингиз имконияти мавжуд.
50 йиллар аввал, Дубайда "саҳро кемаси" ҳам деб аталадиган туялар юрар эди. Бугун эса, уларнинг ўрнини қимматбаҳо автомобиллар эгаллади.