Фан-техника | 16:45 / 20.04.2016
3325
2 дақиқада ўқилади

Дуров Telegram'даги хабарларнинг сараланиши ҳақидаги маълумотни инкор қилди

Telegram асосчиси Павел Дуров яқинда хабарларни саралаш хизмати ҳақида тарқалган маълумотни "ғалати миш-миш" деб атаган. Бу ҳақида у ўз Twitter саҳифасида ёзган.

20 апрель куни "Известия" газетаси тармоқ хизматидаги режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни чоп этди. Нашр манбаларининг хабар беришича, Telegram'нинг тайёрланаётган янгиланишида хабарлар турига кўра гуруҳларга бўлинади: Chats (фойдаланувчилар билан бирга-бир), Groups (мультичатлар), Channels (каналлар) ва Bots (ботлар).

Мессенжернинг юқори панелига биридан бошқасига ўтувчи иловалар киритилади. Бундан ташқари газетанинг ёзишича, уларнинг ҳар бир тури учун алоҳида хабарларни созлаш имконияти пайдо бўлади. Масалан, Telegram фойдаланувчига фақат шахсий хабарларни қабул қилганлик ҳақида маълумот беради.

12 апрель куни Telegram чат-ботлар платформасини янгилаган. Энди виртуал ёрдамчиларга нафақат махсус диалогларда, балки бошқа фойдаланувчилар билан суҳбат чоғида ҳам мурожаат қилиш мумкин. Янги функция имкониятларини намойиш этиш учун тўртта бот яратилган. @youtube боти видео қидиради, @music — классик мусиқа, @sticker бир хил эмодзиларнинг ҳар хил стикер тўпламларида тасвирланганини топади, @foursquare геолокация маълумотларини чатга тўғридан-тўғри жўнатиш имкониятларини беради.