Жамият | 23:14 / 20.04.2016
3210
2 дақиқада ўқилади

Олимлар одамларни кўзи ожизлик касаллигидан қутқарувчи банан навини етиштириш устида ишлашмоқда

Олимларнинг таъкидлашича, бананлар ишлаб чиқарадиган ва ўзида жамлайдиган каротиноид пигментлари борасида олиб борилаётган тадқиқотлар келажакда янги банан навини етиштиришда ёрдам беради. Бу янги нав А витамини етишмовчилиги туфайли кўзи ожизлик касаллигининг келиб чиқишини олдини олиш учун қўлланилади. Тадқиқот ҳақида Journal of Agricultural and Food Chemistry нашрида кенгроқ маълумотга эга бўлиш мумкин

Илмий изланиш муаллифларининг таъкидлашича, А витамини етишмовчилиги ҳар йили 250 минг болаларда кўзи ожизликни келтириб чиқарар экан, шунингдек, уларнинг кўпчилиги Африка ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида истиқомат қилар экан. Бундан ташқари, бир йил ичида кўзи ожиз бўлиб қолган болаларнинг ярими вафот этади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, каротиноид пигментларини ўзида кўпроқ жамлаган банан навлари болаларни кўз ожизлиги касаллигидан сақлаб қолади. Чунки каротиноид жигарда А витаминига айланади.

Олимлар бу мевада каротиноид пигментлари қандай шаклда жамланишини бир неча навларда текшириб кўришди. Шуниси маълум бўлдики, оч-сариқ Cavendish нави каротиноидни йўқ қилувчи ферментни каротиноиддан ҳам кўпроқ ишлаб чиқарар экан. Asupina навидаги бананлар эса каротиноидни микроскопик қопларда жамлар экан. Тадқиқот муаллифлари уларнинг илмий изланишлари бананларнинг каротиноидга бой янги навларини етиштиришда ёрдам беришига умид қилишмоқда.