Жаҳон | 12:39 / 20.04.2016
1813
2 дақиқада ўқилади

Россияликларнинг учдан бир қисми "ҳукумат ўз мажбуриятларини бажармаяпти" деб ҳисоблайди

Россияда "ҳукумат фуқаролар олдидаги бурчларини бажармаяпти" деб ҳисобловчилар сони 39 фоизга етди. "Левада маркази"нинг ижтимоий сўровномаси шундан далолат беради.

Шундай фикрловчилар сони бир йилда 28 фоиздан 39 фоизгача кўпайди. "Левада"нинг маълумотларини келтирган "Ведомости" нашри бу кўрсаткичнинг Қрим ва Россия бирлашувигача бўлган даражага қайтди, деб таъкидламоқда.

Сўровномада қатнашганларнинг 18 фоизигина ҳукумат фаолиятидан розилигини билдирган. 16 фоиз аҳоли мамлакатда "хаос ўсиб бормоқда" деб ҳисоблайди (бир йил аввал 8 фоиз аҳоли шундай фикрда бўлган), 14 фоиз кишининг "Россия бир жойда қотиб қолгани"га ишончи комил.

"Давлат фаолиятидан норози танқидий фикрлар кўпаймоқда, аммо бу аввалгидек 2012-2013 йилдагидан кам. Қандайдир компания йўлга қўйилмаса, мамлакатдан норозилик кайфияти ўсаверади, аммо агар қандайдир маҳаллий можаро чиқса ва уни бошқа кучларга йўналтиришга муваффақ бўлинса, унда тренд яна ўзгаради. Одамларнинг қандай ёмон яшаётганлиги эмас, жавобгарлик кимга тушаётганлиги ва истиқболлар қандай эканлигидадир", дейди "Левада маркази" раҳбари ўринбосари Алексей Гражданкин.