Жамият | 21:40 / 20.04.2016
1973
3 дақиқада ўқилади

Хотинига суиқасд уюштирган эр 15 йилга қамалди

Бундан бир неча йиллар аввал Раззоқ билан Феруза оила қуришди. Бирин-кетин тўрт нафар қизнинг ота-онаси бўлишди. Йиллар ўтгани сари ўғил кўрмаганлиги Раззоққа алам қила бошлади. Шу боис у кунда-кунора хотини билан “ўғил туғмадинг”, деб жанжал қила бошлади. У баъзан қизларини ҳам ҳақорат қилар, ё бўлмаса аёлига қўшиб, уларни дўппосларди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Раззоқ хотини ва қизларини ташлаб Россияга йўл олди. Уч йил давомидан оиласидан хабар олмади. Бу ёқда Феруза фарзандларининг моддий таъминоти учун ундан алимент ундириш мақсадида ариза берди. Уч йил ўтиб, қайтиб келган Раззоқ бундан хабар топди.

Бир куни тўнғич қизини бозорда кўриб қолиб:
— Онангга айтиб қўй, алимент пулидан воз кечсин, бўлмаса ўлдираман, — деди.

Шундан сўнг, Феруза суд ижрочиларига учрашиб, турмуш ўртоғидан алимент пулларини ундиришни тезлаштиришни сўради. Суд ижрочилари Раззоқни чақириб, тўланадиган пулни ҳисоблаб беришди: алимент пули ва моддий ёрдам — жами 22 млн 199 минг сўм экани ҳисобланди. Буни эшитган Раззоқ ижрочилар олдидан “Бунча пулларни бергунимча уни ўлдириб, қамалиб кетганим яхши”, деб чиқиб кетди.

Суд ижрочилари кейинги гал чақиришганда, Раззоқ ишончнома билан бошқариб юрган, аслида янгасига тегишли бўлган автомашинада суд ижро бўлимига борди. Ижрочи унинг қарзи кўплигини айтиб бошқарувидаги машинани расмийлаштириб, жарима майдончасига киритиб қўйди. Машинасини олдириб қўйгани Раззоққа алам қилди.

Шу атрофдаги дўконларнинг бирига кириб, пичоқ олди. Орқа чўнтагига солиб, хотини билан гаплашиб олиш учун у савдо қиладиган бозор томон йўл олди.

Феруза тезда укаси Достон ва куёви Алишерга телефон қилиб, вазиятни тушунтирди. Орадан кўп вақт ўтмай, улар етиб келишди. Шу пайт Раззоқ келиб қолди. Қизи “Аямни ёнига борманг”, деб унинг йўлини тўсди. Жаҳл отига минган Раззоқ Достонга ташланди. Достоннинг оёғи растага чалишиб, йиқилиб тушди. Бундан фойдаланган Раззоқ пичоғини олиб, қайнукасининг елкасига урди. Ичкилик таъсирида шерга айланган Раззоқни Алишер ва зумда йиғилган одамлар ажратиб олишди. Унинг қўлидаги пичоқни Феруза олиб, отиб юборди. Жароҳатидан қон кетаётган Достон ҳушини йўқотди. Уни тезда шифохонага олиб кетишди.

Суд ҳукмига кўра, Раззоқ Қаюмов 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.