CNN: Ар-Риёдда Обамани атайин совуқ қарши олишди
Американинг CNN телекомпаниясининг таъкидлашича, АҚШ президенти Барак Обамага 20 апрель куни Ар-Риёдда атайин "совуқ" (агар ҳақоратомуз бўлмаса) қарши олишди. Таъкидланишича, бу "қачонлардир ишончли иттифоқдош бўлган мамлакатлар муносабатларининг совиши давом этаётганлигидан далолатдир".
Нашр қироллик ҳукуматининг расмий ташриф протоколидан чекинишида ва бошқа бир қатор вазиятларда дўстона бўлмаган муносабатлар белгиларини қайд этган.
Масалан, самолёт қўнганидан сўнг аэропортга Обамани кутиб олиш учун ҳукмрон қироллик оиласи вакиллари эмас, Ар-Риёд губернатори жўнатилди. Бу галги қабул президент Жорж Буш даврида бўлгани каби Саудия Арабистони подшоҳининг қучоқ очиб кутиб олиши ўрнига қўл сиқиб қўйиш билангина чекланилди.
Обама ва подшоҳ Салмон ибн Абдул Азиз ал Сауднинг учрашуви Саудия телевидениеси орқали кўрсатилмади. Бунинг ўрнига подшоҳнинг бугун Ар-Риёдда бўлиб ўтадиган Форс кўрфазидаги араб мамлакатлари ҳамкорлиги кенгаши саммитининг иштирокчиларини илиқ қабул қилаётгани намойиш этилди.
Ар-Риёд Обаманинг АҚШдаги конгрессда Америка судларида 2001 йил 11 сентябрдаги терактларга алоқадорлик бўйича Саудия ҳукуматига қарши ишни кўриш имконини берувчи қонун лойиҳасига розилик бермаслигига эришмоқчи. CNN'нинг маълум қилишича, қиролликнинг ТИВ раҳбари Одил ал-Жубайр ўтган ойда Вашингтонга ташрифи чоғида бу ҳақида огоҳлантириш берган.