Карлос Кейруш: “Гуруҳимиз фаворитлари — Жанубий Корея ва Қатар”
Жаҳон чемпионати-2018 учинчи саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олган Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлос Кейруш гуруҳда бошқа икки терма жамоани фаворит деб билишини маълум қилди. Унингча, Жанубий Корея ва Қатар терма жамоалари Ўзбекистон ва Эрон терма жамоаларидан кучлироқ саналади.
“Таъкидлаш керакки, биз тенг кучга эга бўлган жамоалардан иборат гуруҳдан жой олдик. Рақобатчи жамоалар даражаси нуқтаи назаридан ҳам, парвозлар нуқтаи назаридан ҳам гуруҳимиз анча мўътадиллашган. Шунинг учун ҳам, ҳеч кимда қуръа натижалари борасида эътироз бўлмаса керак”, — дея сўз бошлади португалиялик мутахассис.
“Иккинчидан, бизда 2014 йилги жаҳон чемпионати саралашининг ушбу босқичида жамланган жамоалардан тузилган ва унга бу сафар Хитой қўшилган “римейк” гуруҳ таркиб топди. Хитой билан бу гуруҳ ўша, аввалги мундиал саралашидагидан кўра анча кучлироққа айланди. Менимча, бизнинг гуруҳ фаворитлари — Жанубий Корея ва Қатар. “B” гуруҳида Австралия ва Япония яққол фаворит ҳисобланса, бизда — мана шу икки жамоа”.
Эрон, Ўзбекистон ва Хитой эса Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун бир хил имкониятга эга, деб ўйлайман. Биз Япония, Жанубий Корея ва Австралия Жаҳон чемпионатинг доимий иштирокчиси эканига кўникиб қолганмиз. Қолган бир йўлланма учун эса 7-8 жамоа ўзаро кураш олиб боради. Ўйлашимча, бу кураш жуда мураккаб ва қизиқарли бўлади. Чунки Осиёда ҳам барча футбол ўйнашни ўрганиб олди ва фақат ўйинга юз фоиз тайёр ҳолда етиб келган жамоалар ғалабани қўлга киритади. Яна баъзан шундай бўладики, сен ўйинни майдонда эмас, майдондан ташқарида ҳам бой бериб қўйишинг мумкин, агар узоқ парвозлар бўлса. Бизнинг гуруҳда ундай муаммо бўлмайди, менимча”.
63 ёшли мутахассис рақиблар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиб, уларнинг кучли жиҳатларини кўрсатиб ўтди.
“Биз барча рақибларимизни ҳурмат қиламиз. Улар ҳақида тўхталадиган бўлсак, айтиш жоизки, Жанубий Корея терма жамоаси таркибида хориж чемпионатларида, айниқса Европанинг кучли чемпионатларида ўйнайдиган маҳоратли футболчилар бор. Шу сабабдан ҳам уларга қарши ўйнаш, уларни мағлуб қилиш жуда қийин бўлади. Қатар эса сўнгги вақтларда футбол ривожи йўлида катта маблағ сарфлаяпти ва уларда соҳанинг энг кучли мутахассислари иш олиб боряпти. Уларга қарши ўйин ҳам мураккаб кечиши аниқ. Хитой ўз таркибини анча ёшартирган ва бу сафар Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишни жуда истаяпти.
Умуман олганда, бу раундда ҳеч бир ўйин осон ўтмайди. Лекин Жанбуий Корея, Ўзбекистон ва Қатар билан ўйинлар айниқса оғир кечишини тан олиш керак. Шу билан бир пайтда, Хитойни ҳам ҳисобдан чиқариб ташлаш ярамайди. Уларда ёш, ғалабага чанқоқ жамоа йиғилган ва улар исталган вақтда, ҳар қандай фаворитни енгиб қўйиши мумкин.
Рақиблар ҳақидаги фикрларимни, Сурия тўғрисидаги изоҳ билан якунламоқчиман. Авваламбор, мен Сурия халқини, терма жамоа мураббийлар штаби ва футболчиларни якуний босқичга йўл олганликлари билан табриклайман. Биз ушбу мамлакатда нималар бўлаётганини яхши биламиз. Шунга қарамай улар мана шу ергача етиб келишди. Бу эса юксак ҳурматга сазовор иш”, — дейди Кейруш.