Жаҳон | 16:32 / 21.04.2016
1947
2 дақиқада ўқилади

Ўрта Ер денгизида муҳожирлар кемаси чўкиши туфайли 500 киши ҳалок бўлган

Ўрта Ер денгизи ҳудудида апрель ойи ўрталарида Ливиядан Италияга ўтмоқчи бўлган муҳожирлар минган кема чўкиб кетган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, унда 550га яқин киши бўлган ва уларнинг 500 нафари ҳалок бўлган.

Қутқарув хизмати вакиллари маълумотларига кўра, бунга кема эгаларининг очиқ денгизда бошқа қайиқдан қўшимча кишиларни олишга қарор қилиши сабаб бўлган. Кеманинг юки ортгач, у ағдарилиб чўкиб кетган.

Қутқарувчилар 41 кишининг ҳаётини сақлаб қолишга эришишган, уларнинг орасида 3 аёл ва 3 ёшли гўдак бор. Ҳалокатдан 3 кун ўтиб, улар Грецияга етиб олишган.

БМТ маълумотларига кўра, кейинги 2016 йилда Ўрта Ер денгизи ва Эгей денгизи орқали 179,5 минг муҳожир Европага сузиб ўтган. Йўлда рўй берган ҳалокатлар туфайли 761 киши ҳалок бўлган.

2016 йилнинг апрелида Европа чегараларини қўриқлаш билан банд Frontex агентлиги Ливиядан Италияга сузиб ўтишга ҳаракат қилувчилар миқдори 2 баробар ортганини маълум қилди. 2016 йилнинг мартида Италияга 9600 нафар ноқонуний муҳожир кириб келган.