Ўзбекистон | 15:19 / 21.04.2016
4659
4 дақиқада ўқилади

Петербурглик машҳур фотосуратчи Ўзбекистондаги таассуротларини ҳикоя қилди

Россиялик машҳур фотосуратчи Пётр Карасёв ўзининг Instagram'даги блогида Ўзбекистонга қилган саёҳати таассуротлари билан ўртоқлашди. Муаллиф сўзлари аслича келтирилади.

"Ўзбекистонга жуда кўп хорижликлар ташриф буюришади. Билмаганмидингиз? Мен ҳам билмасдим. Мавсум пайтида меҳмонхонани олдиндан банд қилишнинг иложи бўлмайди - барча меҳмонхоналар банд. Французлар, бельгияликлар, немислар, америкаликлар, польшаликлар, чехлар, испанлар, японлар - бу ерда уларни ҳамма жойда кўришимиз мумкин, ҳолбуки мавсумга ҳали анча вақт бор".

Россияда Ўзбекистонга қурувчилар келадиган тушунарсиз юрт сифатида қарашади, Европада эса бу ернинг нақадар мароқли эканлигини яхши билишади. Шундай бўлса-да, ўзбеклар европаликларга нисбатан русларга илиқроқ муносабатда бўлишади. Рус бўлганимиз учун ҳам бизни қучоқ очиб кутиб олишди, палов ва кабоб билан бепул меҳмон қилишди, тўйга таклиф қилишди ва буларнинг барчаси чин дилдан самимий эди. Мен ҳеч тушунмайман, қандай қилиб шундай улкан, ўрганилмаган, бироқ қадрли мамлакат турганда Таиланд ёки Балига бориш мумкин?"

Палов
"Ўзбеклар паловни кўпинча ош, яъни "овқат" деб атайдилар. Кундузги соат 12да ва тунги соат 12да бериладиган ош бор. Байрам тантаналарида эса паловни наҳорги соат 5да тайёрлашади. Палов - биринчи рақамли таом. Шуниси қизиқки, ошни ҳар бир шаҳар ва хонадонда ўзига хос усулда тайёрлашади. Бу ерга келганимда 25 йилдан бери палов тайёрласам-да, бу таом ҳақида деярли ҳеч нарса билмаслигимни англаб етдим. Ўзбекистонда менинг ҳаётим ўзгарди".

Ҳар куни нон
"Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида нафақат палов турлича тайёрланади, балки патир ҳам шундай. Патир нон бу ерда биринчи ўриндаги егулик. Паловдан ҳам юқори эъзозда, паловни бир марта ейишса, патир нонни тўхтовсиз истеъмол қилишади.
Ҳар бир уйнинг ёнида тандир бўлиб, унда оила аъзолари ўзлари, чап томондаги икки қўшни, ўнг томондаги икки қўшни, тепадаги икки қўшни ҳамда пастдаги икки қўшнини ҳисобга олиб, патир ёпишади ва пишганидан сўнг уни тарқатиб ҳам чиқишади. Бу ҳазил эмас. Ўзбек ҳаттоки ҳовлисини супураётганида, икки томонидаги қўшни ҳовлининг ярмини ҳам супуриб қўяди, бу ҳам беҳазил - суратларга қаранг, Ўзбекистоннинг кўчалари қандай тоза!

Агар патирингни охиригача ея олмасанг, уни ўзинг билан олиб кетиб, уйда ейишинг ёки кимнидир меҳмон қилишинг керак.

Ўзбекистонда аскар армияга хизмат қилиш учун кетаётганида патир тишлайди ва уни хонанинг деворига осиб қўйишади, бу рамзий маънода аскар хизматдан келиб, уни охиргача ейиб қўйиши учун қилинади".

Насриддин ва Темур
"Ёшлигимда Хўжа Насриддин ҳақидаги латифалар менинг севимли китобим эди. Мактабда мени тушунишмасди: синфдошларимга Хўжа Насриддиннинг кимлиги ва нима учун у зўр эканлигини тушунтира олмаганман. У ҳақидаги барча латифаларни ҳалигача ёддан биламан.

Улғайгач, буларнинг шунчаки латифа эмаслигини тушуниб етдим. Шарқда тўғри маънодаги латифалар бўлмайди, "икки хил маъноли" сабоқ берувчи ҳикоялар бўлади, улар қандай йўл тутиш керак ёки керак эмаслигига ишора қилиб, донолик сари етаклайди. Уларни маънолари ўзгармаган ҳолатда бошқа тилларга таржима қилишнинг иложи йўқ.

Насриддиннинг ўзбек бўлган-бўлмаганлиги номаълум, лекин у билан боғлиқ воқеалар темурийлар ҳукмронлиги даврида Самарқанд ҳудудида рўй беради ва кўп латифаларда Хўжа Насриддин Темур билан донолик борасида тенг қилиб кўрсатилади.

Латифаларни рус тилига таржима қилиб бўлмайди, чунки ўзбек тилида кўп феъллар бир нечта маънога эга. Уларнинг асл маъноларини охиргача тушунмасам-да, Насриддиннинг образи ва қилган ишлари менинг ҳаётим ва дунёқарашимга катта таъсир ўтказди. Ана шундай тарихий шахслардан яна бири Амир Темур бўлиб, биз Самарқандда буюк темурийлар мақбарасини ҳам зиёрат қилдик".