Жамият | 23:51 / 21.04.2016
2341
2 дақиқада ўқилади

Қўшиқчи Принц 57 ёшида вафот этди

Жаҳонга машҳур қўшиқчи Принц 21 апрелда ўзининг Миннеаполис яқинидаги Пэйшли парк турар-жой мулкида ўлик ҳолда топилди.

Принц жасади эрталаб топилган, қутқарув хизматига бу ҳақдаги хабар маҳаллий вақт билан соат 9.43 да тушган. Тўлиқ исми Принс Роджерс Нельсон бўлган қўшиқчи бундан 6 кун аввал шамоллаш аломатлари билан шифохонага ётқазилганди.

Қўшиқчи 1958 йилда Миннеаполисда туғилган. У ўз мусиқий фаолиятини ритм-энд-блюз йўналишидан бошлаб, фанк, жаз ижрочиси сифатида ном чиқарган. Қўшиқчи мусиқий истеъдодидан ташқари, ўзининг ёрқин имижи ва можароларга сабаб бўлувчи хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турган.

Мусиқачи оммани нафақат мусиқаси ва кийимлари билан, балки 1993 йилда ўз тахаллусини эркак ва аёл рамзини билдирувчи белгилардан иборат, талаффуз қилиб бўлмайдиган эмблемага ўзгартиргани билан ҳам ҳайрон қолдирган. Бундан кейин уни "аввал Принц номи билан маълум бўлган артист" деб атай бошлашган.

Қўшиқчи ҳаммаси бўлиб 39 та альбом ёзган. Унинг охирги альбоми 2015 йилда чиққан. Қўшиқчининг энг машҳур қўшиқларидан бири Purple Rain (Бинафшаранг ёмғир) қўшиғи ҳисобланади.