Жамият | 11:17 / 21.04.2016
15418
9 дақиқада ўқилади

Шерали Жўраев ижодига 50 йил тўлди

Болалигимизда ўсмир-ёшларнинг қўлида гитара билан кўчани тўлдириб юришларига ҳавас билан боққанмиз. Биз ўсмирлик даврига қадам қўйганимизда гитаралар ўрнини “Весна”, “Романтик” магнитафонлари эгаллади. Эндиликда биз кўчаларни тўлдириб, магнитафон овозини баланд қилиб гўёки, ҳаммани ўзимизга қаратардик. Энг қизиғи, кўчани бошидан ҳам, ўртасидан ҳам, охиридан ҳам магнитофонлардан Шерали Жўраев қўшиқлари янграрди. Кимдир “Ўзбегим”ни, яна кимдир “Билиб қўй шерларнинг макониданман” қўшиғини, яна кимдир “Биринчи муҳаббатим”ни баланд овозда эшитишни севарди. Қўшиқларнинг энг машҳури, сўзсиз “Лаълихон” эди.

Қишлоғимизнинг Зиёдулла Шукуров деган ўзига хос сурнайчиси, артисти бор эди. Қишлоқ тўйларини, асосан, Зиёдулла ака ўтказарди. Шерали Жўраев билан тенгдош бўлмиш Зиёдулла ака уйининг томига радиокарнай ўрнатган бўлиб, эртадан кечгача Шерали Жўраев қўшиқларини баланд овозда қўйиб, бутун қишлоққа эшитирар эди. Болалигимиз ва ёшлигимиз Шерали Жўраев қўшиқлари билан ўтди, десам асло муболаға қилмаган бўламан.

1988 йил бўлса керак, буюк ҳофизимиз қишлоғимизга ташриф буюриб, ҳамқишлоғимизнинг суннат тўйини роса қиздирган эди. Ўшанда ака-ука Ваҳобовлар ҳам базмда иштирок этиб, Шерали Жўраев фарзанд кўрганини айтишганда тўйда иштирок этаётганларнинг ҳаммаси шодликдан қийқириб юборгани ҳам ёдимда. Таклифларга кўра Шерали Жўраев “Ўзбегим”ни куйлашдан аввал шундай дегани ҳамон қулоқларим остида. “Мен эрталабгача бу тўйда қўшиқ куйламоқчи эдим. Аммо ўзингиздан кўринглар. “Ўзбегим”ни куйласам томирларимда қон тўхтаб қолади. Шундан кейин бошқа қўшиқ куйлай олмайман”, дея бу қўшиқни куйлаб олқиш олган эди. Ўша тўйда илк бор Шерали Жўраевнинг қўлини олиб, кўришиш насиб қилган эди. Қишлоғимизда туркий тилда гўзал ғазаллар ёзган Атойи деган классик шоиримиз тавваллуд топиб, кейинчалик Балхга бориб яшаб ўтганини, бу шоирга Алишер Навоий ҳам юксак баҳо берганини, иложи бўлса, “Ул санамким, сув ёқосинда бир паридек ўлтирур, ғоят нозиклигидин сув билан ютса бўлур”, деб бошланувчи ғазалини қўшиқ қилиш таклифини берган эдим. Ҳозирча бу илтимосим бажарилганича йўқ. Ўйлайманки ҳозирча... Чунки Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Лутфий, Ҳофиз Шерозий, Увайсий каби мумтоз адабиётимиз вакилларининг ғазалларини ижро этган хофизимизнинг қачонлардир Атоий ижодига мурожаат қилишига ишонаман. Шерали Жўраевнинг Шароф Рашидов, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон ижодига мурожаат қилиши, айниқса, шеърлари ҳеч қачон қўшиқ бўлмаган Ойбекнинг “Ўзбекистон” қўшиғи тилларда достон бўлган эди. Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб “Онагинам” ва “Муқаддас аёл” қўшиқларини Шерали Жўраевдан бошқа ҳеч ким дардли ижро этаолмаса керак. “Биринчи муҳаббатим” ҳақида турли фикрлар, жумладан, шоирнинг ўзи ҳам, ҳофиз ҳам ўз қарашларини айтишган. Бу борада “Биринчи муҳаббатим” ёки шу номдаги шеърни мен қандай тушунаман”, деган мақоламда ёзганимдек, менинг фикрим ўзгармай қолади. Яъни бу шеър қандайдир қизга эмас, Аллоҳга муножат сифатида кўрилиши керак. Шеърни ўқиётганда, қўшиқни тинглаётганда дилимизда Аллоҳ бўлиши керак. Агар кимдир севган йигити ёки қизини биринчи муҳаббатим дея, уни Аллоҳ даражасида кўрар экан бу осийликдан бошқа нарса эмас.

Шерали Жўраев қардош халқларнинг вакиллари ижодига хам алоҳида ёндашади. Шу тариқа Фузулий, Мақтумқули, Воқиф, Самад Вурғун, Расул Ҳамзатов, Константин Симонов, Гулирухсор Сафиева шеърлари ўзбекчада куйланади.

Шерали Жўраевни ўзидан кейинги кемаларга йўл очиб борувчи атом музёрар кемасига ўхшатаман. Мингга яқин қўшиқ ижро этган Шерали Жўраевга мавзу топишда ҳозирча ҳеч ким бас келолганича йўқ. Радиода 1 январдан бошлаб 31 декабргача бўлган даврдаги хар қандай санани бағишланган эшиттиришлар учун Шерали Жўраев қўшиқларидан фойдаланиш мумкин.

Шу ўринда “Сизни қутлай йилнинг олдидан”, деган сатрлари бўлган қўшиқни 31 декабрь куни бериш мумкин. 14 январь Ватан химоячилари куни эса “Йигитлар халқларнинг мақтови, кўрки” қўшиғидан фойдаланиш мумкин. 8 март санасига-ку оналар ва аёлларга бағишланган қўшиқлар бисёр. Баҳор ва Наврўзга атаб куйланган қўшиқлар ҳеч қачон саҳнадан тушмаса керак. 9 май санасига бағишланган қўшиқлар ҳақида алоҳида гапириш керак. Ватан ва мамлакатимиз юритаётган тинчлик сиёсати борасидаги қўшиқларини нафақат байрамларда, балки тўй-ҳашамларда ҳам ажиб бир завқ билан тинглашаётгани айни ҳақиқат. “Ўзбегим”, “Инсон қасидаси” алоҳида мавзу. Бундан 30 йиллар муқаддам, раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари телевидение орқали қилган чиқишларида эндиликда шоир ҳам, ҳофиз ҳам ижод қилмаган тақдирларида “Инсон қасидаси” орқали ўзларининг инсоний вазифаларини бажариб бўлишди, деган фикрларни айтган эдилар.

Жорий йилнинг 18 апрель куни International меҳмонхонасининг Амир Темур залида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этар эканман, мана шу фикрлар ёдимдан ўтди. Тадбир аввалида Шерали Жўраевга бағишланган кичик лавҳа намойиш этилди. Унда ўзбек космонавти Солижон Шарипов фазога Шерали Жўраев қўшиқларини олиб чиққани, ердаги ўзбек юлдузининг “Олтин қанот қушлар учсин”, деб номланувчи қўшиғи фазодаги юлдузларга етказилгани акс эттирилган. Шундан сўнг аньанага кўра, Шерали Жўраев “Онагинам” қўшиғи билан даврани очди. Қўшиқ тугагач, давомли қарсаклар бўлди. Эсимда қолгани хофизнинг набираси “бу менинг дадам”, деди фахр билан. Жажжи гўдакнинг айни шу эътирофи ҳам қарсакларга сабаб бўлди.

Шерали Жўраев таваллудининг 69 йиллиги, ижодга кириб келганлигининг 50 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этиш мақсадида қўшни Тожикистондан Жўрабек Муродов келди. Тадбирда Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, ака-ука Вахобовлар, Ғиёс Бойтоев, Собиржон Мўминов каби эл севган санъаткорларни, Ёдгор Саъдиев, Хайрулла Саъдиев, Теша Мўминов, Мирза Азизов каби Халқ артистларини, Омон Матжон, Усмон Азим каби шоирларни кўриш мумкин эди. Шерали Жўраев, Жўрабек Муродов, уларнинг фарзандлари Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраев, Жонибек Муродовлар бешовлон бўлиб ўзбекча, тожикча қўшиқ куйлаб барчани хушнуд қилишди. Жўрабек Муродов устоз-шогирд ва дўстлик ҳақида эсда қоладиган фикрларни айтди. У санъаткорлар орасида душманлик йўқлигини, бири-бирларининг юзига шапалоқ тортишмагани, аксинча, бир-бирларининг ютуқларидан қувониб юришларни эслатиб ўтди. Шерали Жўраев халқлар ўртасига кўприк бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

“Дунёга тинчлик беринг” қўшиғи ва унга ишланган клип нафақат ўзбекларни, балки тадбирда иштирок этган чет элликларни ҳам сергак тортирди. “Парижон” клипи намойиш этилгач, ҳофиз клипдаги либосда саҳнада пайдо бўлди ва қайтадан шу қўшиқ зал жўрлигида ижро этилди. “Кавказ асираси” фильмида Саховнинг “Шляпани еч”, деган гапи бор. Худди шу каби холат қўшиқдан сўнг Шерали Жўраев томонидан такрорланди. Шляпа Зоҳиршоҳ томонидан ечилгач, бошга Марғилонлик шинаванда томонидан атайлаб Шер ака учун совға қилинган дўппи кийилди. “Дўппи кийишни ҳам шогирдлар биздан ўрганиши керак. Тўй ва концертларда йиртиқ иштон кийишни йиғиштиринг”, деди ҳофиз.

Тадбир сўнггида тез орада яна учрашиш борасида эзгу ниятлар билдирилди. Мақоламизни ҳофиз ижросидаги қўшиқдаги қуйидаги сатрлар билан якунлаймиз.

Отингни имонли чавондозга бер,
Созингни қалби пок навосозга бер.
Дуони элу юрт, ўғил-қизга бер,
Ваъдани Ҳаққа бер, ўзни Ўзга бер.

Шарофиддин Тўлаганов.